АҚШдаги муниципал сайловлар айниқса Ню Йоркда тарихий натижа билан тугади. Американинг энг катта шаҳри аҳолиси мусулмон ва сўл демократ Мамданига овоз берди – бу эса айни шу шаҳарда туғилиб ўсган президент Трамп учун икки баробар оғриқли натижа. Республикачилар ўз сиёсатини қайта кўриб чиқмаса, келаси йилги сайловда Сенатдаги устунлигини йўқотади.
АҚШ – дунёдаги энг катта иқтисодиёт ва ҳарбий қудрат, унинг ташқи сиёсати дунёдаги тинчлик еки беқарорликка жиддий таъсир қилади. АҚШнинг ички муниципал сайловлари эса, бу давлатдаги олий ҳокимиятнинг тақдири борасидаги энг муҳим сигналларни билдиради.
2026 йил ноябрида АҚШ Сенати учун оралиқ сайловлар бўлиши керак. АҚШ Сенати жами 100 сенатордан иборат, ва ҳар икки йилда Сенатнинг учдан бири янгиланиб туради. Ўтган 2024 йилда Доналд Трамп ҳокимиятга қайтгандан буён, бир йил ўтиб, мана муниципал сайловлар орқали америкаликларнинг ушбу маъмуриятга муносабатини билиш имконияти пайдо бўлди. Хўш, америкаликлар бу сайловда Трампга ва унинг партиясига қандай муносабат билдиришди?
Бир сўз билан айтганда, бу сайловлар Трамп ва унинг республикачилар партияси учун жиддий ютқазиш бўлди. Сайлов натижаларини маҳаллий ОАВ “мовий тўлқин” дея таърифлади. Губернаторлик сайлови ўтказилган иккита штатдан бири Виржинияда ҳокимият республикачилардан демократларга ўтди, Ню Жерсида эса демократлар номзоди катта фарқ билан ғалаба қозонди.
Энг катта сенсация – бу Ню Йоркда бўлди. Ню Йорк дунёдаги энг бой ва қудратли давлатнинг энг катта ва бой шаҳри. Ню Йорк тарихида биринчи марта мусулмон одам мэр бўлди, бу Зоҳран Мамдани. У бор-йўғи 34 ёшда, бу билан у кейинги 100 йил ичидаги шаҳарнинг энг ёш ҳокими бўлмоқда. Қолаверса, Мамдани нафақат демократик партия вакили, балки у ўзини “демократ-социалист” деб таништиради. Уни рақиблари “коммунист” деб ёмонотлиқ қилишга уринишди, бироқ бу ишламади. Ню Йоркликлар аксарияти Мамданига овоз беришди ва у шаҳарнинг собиқ ҳокими Эндрю Куомо ва республикачи номзод Кёртис Слива устидан ишончли ғалаба қозонди.
Трамп Мамданини обрўсизлантириш мақсадида уни “коммунист” деб атайди, лекин Мамданининг ўзи “мен демократ-социалистман” дейди. Бу икки тушунчанинг фарқи нима? “Демократ-социалист” – бу демократия тарафдори бўлган, ушбу партия аъзоси бўлган, шу билан бирга, эркинлик ва плюрализмни инкор қилмасдан ижтимоий тенгликни таъминлашга интиладиган қарашдир. Бироқ ижтимоий тенгликни куч билан, репрессиялар ва зўравонликлар билан, томонларни қаттиқ конфронтацияга чақириш билан амалга оширилса, бунда “коммунистларча” еки “болшевикларча” тенглик усули дейиш мумкин бўлади – АҚШ шароитида бу курснинг истиқболи мавжуд эмас.







