Шундай ҳол менинг ҳам бошимдан ўтган. Мен, Бахтинур Муҳаммедов ўшанда товон пулини тўлиқ олишга эришдим. Сиз ҳам шундай вазиятда нима қилиш кераклигини билиб олишингиз учун нима қилиш кераклигини босқичма-босқич айтиб ўтаман.

Шикаст етганини кўрганда нима қилиш керак

Машинага шикаст етганини кўришингиз билан 102 рақамига қўнғироқ қилинг. Ходимлар келгунига қадар машинага тегманг ва атрофдаги буюмларни жойидан қўзғатманг. Бу суриштирув ўтказишга халал бериши мумкин. Авария чироқларини ёқинг ва ИИБ ходими келишини кутинг.

Ҳужжат расмийлаштирилмагунича кетиб қолмаслик керак. Бу ЙТҲ жойидан қочиш деб ҳисобланади ва БҲМнинг 30 баравари 11,25 млн сўм жарима солинишига сабаб бўлади. Шикаст етган жой арзимаган бўлса ҳам кетиб қолманг – акс ҳолда сиз айбдор деб топилишингиз мумкин.

ИИБ ходимини кутиш чоғида

1. Атрофни кўздан кечиринг.

Яқин-атрофда айбдор ёки гувоҳлар бор-йўқлигини аниқланг. Агар яқинингизда тўқнашув асорати мавжуд автомобил турган бўлса, унинг рақамини ёзиб олинг. Қоровул ёки ўткинчилар билан гаплашинг: эҳтимол, ҳодисани кимдир кўргандир ёки қаерда камера борлигини билиши мумкин.

2. Барча нарсани қайд қилинг.

Фото ва видеога олинг: машина турган жойнинг умумий кўриниши, машина ҳолати, шикаст етган жойни. Агарда ерда синган бўлаклар, бўёқ ёки бошқа машина изи бўлса – уларни ҳам суратга олинг. Агар регистраторингиз бўлса, ундаги ёзувни сақлаб қўйинг.

3. Маълумот йиғинг.

Гувоҳларнинг исмлари ва телефон рақамларини ёзиб олинг. Суғурта полисингиз амал қилиш муддатини ва унинг тури ОСАГО ёки КАСКО эканлигини текширинг.

ИИБ ходими келганидан сўнг

Ходимлар ҳодиса баённомаси, ЙТҲ схемасини ва шикастланиш тўғрисидаги маълумотномани тузадилар. Ҳужжатларда барча зарарлар ва ҳолатлар кўрсатилганига эътибор беринг. Агар баённомадаги ёзувларга қўшилмасангиз, уни имзоламанг, аввал инспектoр билан муҳокама қилинг.