Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Самарқанд ва Қашқадарёда ер майдонларини ноқонуний сотишга уринишлар фош этилди
Оқдарё туманида фермер хўжалиги раҳбари 3 гектар ерни “расмийлаштириб бериш” эвазига 300 минг АҚШ доллари талаб қилган, Қарши туманида икки шахс давлат захирасидаги 8 сотих ер учун 180 млн сўм сўраган. Улар тезкор тадбирларда ушланди. Ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Давлат хавфсизлик хизмати ҳудудий бўлинмалари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида ер ресурслари айланмасидаги қонунбузарликларнинг навбатдаги ҳолатлари фош этилди.
Самарқанд вилояти, Оқдарё тумани. Донли экинлар етиштириш билан шуғулланувчи фермер хўжалиги раҳбари ҳокимият тизимидаги танишлари орқали хўжаликка тегишли 3 гектар ер майдонини Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро номига “иссиқхона ташкил этиш” мақсадида расмийлаштириб бериш эвазига 300 минг АҚШ доллари талаб этгани маълум қилинди.
ДХХ ва вилоят ИИБ ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда у олдиндан 20 минг АҚШ доллари олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланди. Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” ва 28,211-моддаси 3-қисми “а” билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари кетмоқда.
Қашқадарё вилояти. Қарши туманида яшовчи, 1992 ва 1998 йилларда туғилган икки шахс ўзаро тил бириктириб, мансабдор танишлари орқали давлат захирасидаги 8 сотих ер майдонини Кўкдала тумани фуқаросига “уй-жой қуриш” учун олиб бериш эвазига 180 млн сўм талаб қилгани аниқланди.
ДХХ ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари уларни олдиндан 10 минг АҚШ доллари олаётган пайтда ушлади. Бу ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми “а”, “б” ҳамда 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ер майдонларидан қонунга мувофиқ фойдаланиш барча учун мажбурий эканини, давлат томонидан ажратиладиган ерларни ноқонуний сотиш ёки воситачилик қилиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлишини эслатди. Фуқароларга умуммиллий бойлик ҳисобланган ер ресурсларидан оқилона ва қонуний фойдаланиш тавсия этилди.
Мавзуга оид
09:05
Афғонистондан олиб кирилган 37,6 кг гиёҳвандлик воситалари фош этилди
23:04 / 13.06.2026
Самарқандда Россияда ишлашни режалаштираётган фуқаролар учун тест маркази очилади
22:01 / 13.06.2026
Қашқадарёда қум-шағал аралашмасини ноқонуний қазиб олиш ҳолатлари фош этилди
15:20 / 13.06.2026