АҚШнинг дунёдаги энг янги ва энг йирик «Жералд Форд» авиаташувчиси бошчилигидаги авиаташувчилар гуруҳи Кариб денгизига етиб келди. Бу ҳақда Америка флоти қўмондонлиги маълум қилди. Гуруҳни кўчиришга буйруқ берган президент Доналд Трамп буни Венесуэладан гиёҳванд моддалар савдосига қарши кураш доирасида амалга ошираётганини айтган.

Трампнинг бундай буйруғи ҳақида Пентагон 24 октябр куни эълон қилганди. Ўша пайтда авиаташувчилар гуруҳи Европа қирғоқлари яқинида, Шимолий денгиз ҳудудида турганди.

АҚШ флоти ва авиацияси бир неча ойдан бери Кариб денгизи ва Тинч океанида ҳаракатланган кичик кемаларга зарба бермоқда – АҚШ раҳбарияти улар гиёҳванд моддалар ташишда фойдаланилганини иддао қилади. Камида 19 та кемага зарба берилган, натижада камида 76 киши ҳалок бўлган.

Венесуэла етакчиси, сўл социалист Николас Мадуро ва мамлакат раҳбариятининг бошқа вакиллари АҚШ уларни ҳокимиятдан четлатиш мақсадида сунъий равишда инқироз яратаётганини даъво қилмоқда.

Америка флоти 11 ноябр куни авиаташувчилар гуруҳи АҚШ Жанубий қўмондонлиги масъул бўлган зонага (Кариб денгизи ва Лотин Америкаси мамлакатларини ўз ичига олади) киргани ҳақида хабар берди.

«Жералд Форд»да бир неча ўнлаб жанговар самолётлар жойлаштирилган. Унинг экипажи учувчилар ҳамда самолётларга хизмат кўрсатувчи техник ходимлар билан қўшиб ҳисоблаганда 4,5 минг кишидан ортиқ. Авиаташувчига бир неча ракетали эсминецлар ҳамда бошқа жанговар ҳамда кўмакчи кемалар ҳамроҳлик қилади.

Пентагон матбуот котиби Шон Парнеллнинг айтишича, авиаташувчилар гуруҳининг Кариб денгизига етиб келиши АҚШга наркотрафикни яхшироқ кузатиш ва тўхтатиш имконини беради.

Бунгача АҚШ ҳукумати Венесуэла яқинига катта миқдордаги ҳарбий кучларни жўнатган эди: қўшни Пуэрто-Рикода 10 та F-35 қирувчи самолёти жойлаштирилган, бундан ташқари, минтақада аллақачон атом сувости кемаси ва саккизта ҳарбий кема мавжуд: учта эскадра минаташувчиси, крейсер, соҳил қўриқлаш кемаси ҳамда учта десант туширувчи кема.

Етиб келган авиаташувчилар гуруҳи билан биргаликда улар ўнлаб йиллар давомида Лотин Америкаси қирғоқларида кузатилмаган гуруҳни ташкил этади.

Зарбалар қитъанинг бошқа томонидан ҳам берилмоқда: шу ҳафта бошида АҚШ Тинч океанида гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчи кемаларга иккита зарба берилгани ва олти киши ҳалок бўлганини эълон қилди.