Анқара шаҳрида «Туркияда трансплантациянинг 50 йиллиги» мавзусида ўтказилган анжуманда Яқин ва Узоқ Шарқ, Марказий Осиё, Африка, Европа ва Америкадан келган мутахассислар трансплантация ҳамда орган донорлиги йўналишидаги янгиликлар, миллий тажрибалар ва лойиҳаларни муҳокама қилди.

Унда Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт маркази директори, профессор Ботир Даминов бошчилигидаги делегация иштирок этди. Ўзбек шифокорлари мамлакатда тиббиётда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маъруза қилиб, турк мутахассислари билан Туркиянинг 50 йиллик трансплантация тажрибасини Ўзбекистонга татбиқ этиш масалаларини атрофлича муҳокама қилди.

Делегация Анқарадаги шифохона ва университет клиникаларида бўлиб, нефрология, иммунология, гистология, гемодиализ ва буйрак трансплантацияси бўйича илмий-амалий янгиликлар билан танишди. Шунингдек, Башкент университети раҳбари Меҳмет Ҳаберал билан икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан меморандум имзолашга тайёргарлик бўйича келишувга эришилди.