Жаҳон | 15:51 / 15.11.2025
2285
3 дақиқада ўқилади

Лондон Болгариядаги «Лукойл» шуъба корхоналарига қўйилган санкцияларни вақтинча юмшатди

АҚШ ва Буюк Британиянинг «Лукойл»га нисбатан жорий этган санкциялари нефт бозорида Россия компанияси НҚЗсига боғлиқ бўлган Болгарияда ёнилғи бўйича танг ҳолатга олиб келди. Энди Лондон Софияга уч ойлик енгиллик берди.

Фото: BGNES

Буюк Британия Молиявий санкцияларни амалга ошириш бўйича бошқармаси 2026 йил 14 февралгача «Лукойл» Россия нефт компаниясининг Болгариядаги бўлинмалари — Lukoil Bulgaria EOOD ва Lukoil Neftochim Burgas AD билан, санкцияларга қарамасдан, операциялар ўтказиш имконини берадиган лицензия муддатини узайтирди. Бу ҳақда 14 ноябр куни идора сайтида хабар қилинди.

Буюк Британия 15 октябр куни Россия Украинадаги урушни тўхтатишдан бош тортгани учун «Роснефть» ва «Лукойл»га нисбатан санкциялар жорий этган, бир ҳафта ўтиб, бундай чорани АҚШ ҳам қўллаган эди. Чекловлар 21 ноябрдан бошлаб нефт компанияси билан ҳар қандай операцияларни тақиқлашни назарда тутарди. Санкциялар Болгария учун айниқса кескин бўлди, чунки рус компаниясига тегишли Бургасдаги «Нефтохим» НҚЗ мамлакат ёнилғи бозорининг тахминан 80 фоизини таъминлайди.

Чекловлар фонида Болгария ҳокимияти бензин танқислиги кутилаётганини, мавжуд ёнилғи захираси эса фақат бир ойга етиши мумкинлигини маълум қилди. Ноябр бошида мамлакат парламенти Бургасдаги НҚЗни сотиб олиш ва уни янги эгасига сотиш тўғрисидаги қарорни маъқуллади, шунингдек заводни давлат томонидан бошқариш ваколатларини кенгайтирди.

14 ноябр куни Болгария ҳукумати, Bloomberg агентлиги хабар беришича, Бургасдаги «Нефтохим» НҚЗ ва мамлакатда 220 та ёнилғи қуйиш шохобчасини бошқарувчи «Лукойл Болгария» устидан назоратни амалга ошириш учун янги масъул шахсни тайинлади. Бу лавозимга мамлакат солиқ хизмати раҳбари Румен Спецов тайинланди. Тайинлов душанбага қадар кучга киради.

Болгариянинг собиқ бош вазири Бойко Борисов София АҚШ Молия вазирлигидан «Лукойл»га нисбатан санкцияларни жорий этиш муддатини Британиядаги каби олти ойга суришни кутмоқда, бу эса мамлакатга «осойишта тарзда зарур чораларни кўриш» учун етарли вақт беради, дейилади баёнотда.

АҚШ санкцияларни жорий этгач, «Лукойл» ўзининг хориждаги активларини сотишга қарор қилди. Уларни сотиб олишга биринчи даъвогар сифатида Швейцариянинг Gunvor компанияси чиққан — унинг асосчиларидан бири Россия президенти Владимир Путинга яқин шахс Геннадий Тимченко ҳисобланади.

АҚШ бу битимни тўсиб қўйди ва Украинадаги уруш тўхтамагунча компанияга бизнес юритиш учун лицензия беришдан бош тортди, бунга Gunvor’нинг Россия билан боғлиқлиги сабаб сифатида кўрсатилди. Шундан сўнг «Лукойл» активларни сотиш учун кўпроқ вақт сўраб Вашингтонга мурожаат қилгани ҳақида Reuters ёзган эди.

Эҳтимолий харидорлардан бири сифатида агентлик Carlyle Америка инвестиция компаниясини тилга олди, у ҳозирги пайтда бундай битимни ўрганишнинг «илк босқичи»да экани қайд этилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид