Доимий чарчоқ ва бош оғриғи

Қон қуюқлашганда тўқима ва органлар етарлича кислород ололмай қолади, оқибатда одам ўзида доимий чарчоқни ҳис қилади, ҳатто етарлича ухлашига қарамай энергия танқислиги кузатилади. Бундан ташқари, қон қуюқлашиши томирлардаги оқимни ҳам пасайтиради. Натижада бош мияга йўналаётган қон сустроқ ҳаракат қилади ва бу бош оғриғини келтириб чиқаради. Оғриқ кўпинча кун давомида босқичма-босқич кучаяди, айниқса иш билан банд бўлган, компютер ёки телефон экранига узоқ қараган пайтларингизда бу яққол сезилади.

Қўл-оёқлар увишиши ва музлаши

Вискозлик ошганда қоннинг танадаги ҳаракати секинлашади, чекка қисмлар, қўл ва оёқларга етиб бориши қийинлашади. Шу боис, панжа ва бармоқларда увишиш ёки тез-тез музлаб қолиш каби ҳолатлар пайдо бўлади. Бу симптомлар кўпинча қон қуюқлашишининг дастлабки босқичларида юз беради. Бу белгилар узоқ вақт давом этса, шифокор билан маслаҳатлашиш тавсия этилади.

Тери қуриши ва оқариши

Қон қуюқлашганда ундаги суюқлик миқдори камаяди ва зичлиги ошади. Натижада тери етарли озиқ моддаларни ололмайди ва бу унинг қуриши, оқариши, силлиқ тусини йўқотишига олиб келади. Баъзи ҳолларда терида майда қизаришлар, тошмалар ёки яллиғланиш пайдо бўлиши мумкин. Бу аломатлар айниқса, совуқ фаслларда, кам сув ичилганда ёки қуруқ иқлим шароитида кучаяди.

Юрак уриши тезлашиши ёки нотекислашиши

Юрак қуюқлашган қонни помпалаш учун кўпроқ куч сарфлайди. Шунинг учун унинг уриши тезлашиши, “гупиллаб кетиши”, баъзан нотекис ишлаш ҳолатлари пайдо бўлади. Бундай симптомларни кўп одам оддий стресс ёки чарчоқ билан адаштиради, лекин асл сабаб қоннинг ёпишқоқлиги билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Тана ҳароратининг тез-тез кўтарилиши

Қон қуюқлашганда организм ички балансни ушлаб туриш учун кўпроқ энергия сарфлайди. Баъзан бу жараён тана ҳарорати бироз кўтарилиши билан кузатилади. Ҳарорат 37–37.3°C атрофида, яъни паст даражада бўлиши мумкин, бу узоқ давом этса, томирлар босими ошаётганидан дарак беради.

Нафас қисиши ва кўкрак соҳасида босим

Томирлар орқали кислород айланиши сустлашганда нафас олиш ҳам оғирлашади. Оддий зинадан кўтарилганда ёки енгил юришда ҳам нафас қисиши кузатилади. Кўкракда босим, сиқилиш сезилиши юракнинг ортиқча юклама билан ишлаётганидан дарак.