Жамият | 18:12 / 15.11.2025
3298
2 дақиқада ўқилади

Водийдаги “метан заправка”ларга кўчма контейнерларда табиий газ етказиб бериш тизими ишга туширилади

Маълумот берилишича, бир дона газ ташиш контейнери 6 минг куб метр газга мўлжалланган бўлиб, ўртача 300 та енгил автомобилга хизмат кўрсата олади.

Фото: Видеодан кадр

Энергетика вазирлиги ва «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан табиий газни (СНГ) юқори босимдаги кўчма контейнерларда етказиб бериш бўйича пилот лойиҳа бошланди.

Хабар қилинишича, Хитойнинг 3 та йирик ишлаб чиқарувчи заводлари — “Himile Mechanical Manufacturing (Shandong) Co., Ltd.”, “Luxi New Energy Equipment Group Co., Ltd.”, “Xinjiang Silk Road Golden Camel Supply Chain Management Co., Ltd.”  компаниялари билан компрессор станциясини қуриш, 150 та юқори босимдаги кўчма газ контейнерлари ва синов стендини етказиб бериш ҳамда махсус автотранспорт воситаларини харид қилиш бўйича шартномалар имзоланди.

“Лойиҳанинг асосий мақсади — Фарғона водийси вилоятларида қиш мавсумида қувурларда газ босими пасайиши кузатилган ҳудудларда жойлашган газ тўлдириш шаҳобчаларига табиий газ етказиб бериш. Бу орқали энг аввало, ижтимоий соҳа объектларига хизмат кўрсатувчи ҳамда аҳоли енгил автомобилларига газ етказилиши таъминланади”, дейилади Энергетика вазирлиги хабарида.

Маълумот берилишича, бир дона газ ташиш контейнери 6 минг куб метр газга мўлжалланган бўлиб, ўртача 300 та енгил автомобилга хизмат кўрсата олади. Бу тахминан бир суткада 15 мингтагача автомобилга газ тўлдириш имконини яратади.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид