Таълим | 14:36 / 17.11.2025
2117
3 дақиқада ўқилади

Ўзбек талабалари учун Ҳиндистонда ўқиш имкониятлари кенгаяди

Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев Ҳиндистон маданий алоқалар кенгаши (ICCR) бош директори К. Нандини Сингла билан учрашув ўтказиб, ўзбек талабалари учун Ҳиндистон олий таълим муассасаларида ўқиш имкониятларини кенгайтириш, квоталарни ошириш ва йўналишлар рўйхатини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.

Фото: «Дунё» АА

Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев Ҳиндистон маданий алоқалар кенгаши (Indian Council for Cultural Relations – ICCR) бош директори К. Нандини Сингла билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Учрашув давомида томонлар кўп қиррали маданий-гуманитар ҳамкорликни, шу жумладан, таълим ва академик алмашинув соҳасидаги шерикликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш бўйича амалий қадамларни белгилаб олди.

Суҳбат чоғида сўнгги йилларда амалга оширилган муваффақиятли лойиҳалар эсга олинди. Хусусан, Ўзбекистоннинг «Сабо» рақс ансамбли ва «Сўғдиёна» миллий чолғу асбоблари оркестрининг Ҳиндистондаги гастроллари маҳаллий томошабинлар учун катта ва унутилмас маданий воқеага айлангани мамнуният билан қайд этилди. Шу билан бирга, келгусида ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш учун салмоқли салоҳият мавжудлиги таъкидланди.

– Биз оддий ҳамкорлар эмасмиз, балки умумий маънавий илдизлар билан боғланган халқлармиз. Маданият ҳар доим ўзаро муносабатларимизга чуқур озиқлантирувчи муҳит бағишлаб келган, – дея таъкидлади элчи Сардор Рустамбоев.

Ўзбекистон томони қатор амалий таклифларни илгари сурди. Жумладан:

  • таниқли ўзбек рақс жамоалари ва анъанавий қўшиқ ижрочиларининг Ҳиндистонда гастролларини ташкил этиш;
  • Ҳиндистон шаҳарларидаги галерея ва кўргазма майдончаларида ўзбек рассомлари ва ҳунармандларининг кўргазмаларини уюштириш;
  • ўзбек ва ҳинд тилларини ўзаро ўрганиш йўналишида қўшма лойиҳаларни фаоллаштириш.

Алоҳида тартибда ўзбек талабалари учун Ҳиндистон олий таълим муассасаларида ажратилаётган квоталар сонини ошириш ва мутахассисликлар рўйхатини кенгайтириш масаласи кўриб чиқилди. Бу ташаббус халқларимиз ўртасидаги анъанавий дўстлик ва ишончни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши урғуланди.

ICCR бош директори К. Нандини Сингла икки томонлама маданий ҳамда илмий-академик алоқаларнинг жадал ривожланаётганини юқори баҳолади. У ушбу йўналишдаги ҳамкорликни янада чуқурлаштиришдан манфаатдор эканини билдириб, янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини изҳор этди.

Томонлар Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида маданий ва академик алмашинувлар бўйича саъй-ҳаракатларнинг янги босқичига ўтиш юзасидан келишиб олди. Узоқ муддатли ва самарали ҳамкорликни таъминлаш мақсадида қўшма маданий-гуманитар тадбирлар режасини ишлаб чиқиш имконияти муҳокама этилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид