Бола қадам ташлашни ўрганаётган илк кунларида ҳам, мактабга бориб эркин ҳаракатланган пайтларида ҳам оёқ кийим унинг суяклари қандай шаклланишини белгилаб берадиган энг муҳим восита ҳисобланади. Мутахассислар ўсмирларнинг оёқ суяклари 14-16 ёшгача фаол ривожланишини, нотўғри танланган пойабзал эса ясси оёқлик, қомат бузилиши, умуртқа оғриқлари каби муаммоларга сабаб бўлишини таъкидлайди.
Ноқулай оёқ кийим бола улғайганда унинг танасида сезиларли салбий таъсир қолдириши мумкин. Қуйида харид вақтида айнан қайси жиҳатларга кўра танловни амалга ошириш зарурлиги билан таништирамиз:
Ҳажм
Болаларнинг оёғи жуда тез ўсади: айниқса, 1–3 ёш оралиғида йилига 2 сантиметргача катталашиш кузатилади. Мазкур даврда пойабзал танлашда ҳажм масаласига алоҳида эътибор бериш керак. Оёққа жуда қаттиқ ёпишиб турадиган, панжаларни сиқиб қўядиган пойабзал тўғри танлов эмас. Бу ноқулайлик туғдириши билан бир қаторда оёқ кафтининг тўғри шаклланишига ҳам халақит қилади. Панжа қисмида камида 0,5–1 сантиметр бўш жой бўлиши зарур, бола юрганда бармоқлар эркин ҳаракатланиши лозим. Пойабзалнинг эни ҳам мос келиши муҳим: тор пойабзал бармоқларни сиқади, қон айланишини чеклайди. Жуда кенг пойабзал эса юришни ноқулайлаштиради.
Материал
Сунъий, ҳаво ўтказмайдиган материаллардан тайёрланган пойабзаллар оёқни “нафас ололмайдиган” муҳитга туширади ва бир неча нохуш ҳолатга сабаб бўлади. Биринчидан, ҳаво ўтказмайдиган пойабзал оёқни тез терлатади. Мазкур ҳолат терининг юмшаб, сезгир бўлиб қолишига олиб келади. Бундан ташқари, бола териси қизариши ва ачишига сабаб бўлиши ҳам мумкин. Учинчи хавф эса янада жиддий: замбуруғ (грибок) ривожланиши. Намлик ва иссиқ муҳит замбуруғлар учун идеал шароит яратади. Бола пойабзални узоқ вақт кийиб юрадиган бўлса, эътиборсиз қолдирилган терлаш ва ачишиш инфекцияларга йўл очиб беради.
Шу сабабли табиий чарм, тўқимачилик матолари ёки меш (тўр) материалларидан тайёрланган моделларга устунлик бериш лозим. Мазкур материаллар ҳаво алмашинувини таъминлайди, оёқни қуруқ ушлаб туради ва терининг соғлом бўлишига ёрдам беради.
Пошна ва таг қисм
Болага пойабзал танлашда эътибор бериладиган энг асосий жойлардан бири унинг таг қисмидир. Чунки айнан пошна ва таг қисм тузилиши юриш шаклланиши, мувозанати ва ҳатто умуртқа поғонасининг тўғри ривожланишига бевосита таъсир қилади. Пойабзалнинг таги фақат бармоқ қисмидан эгиладиган бўлиши зарур. Бу бола қадам ташлаганда оёқнинг табиий ҳаракатини такрорлайди ва юришни ўрганиш жараёнини осонлаштиради. Тўлиқ букилиб кетадиган ёки жуда қаттиқ пойабзал оёқ кафтининг нормал ривожланишига тўсқинлик қилади.















