АҚШ президенти Доналд Трамп 13 август куни дронлар ва уларнинг бутловчи қисмлари импортига бож жорий этиш тўғрисидаги прокламацияни имзолади. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати хабар берди.
Ҳужжатга кўра, миллий хавфсизлик учун алоҳида аҳамиятга эга бўлган муайян ўлчам ёки имкониятларга эга учувчисиз учиш аппаратларига 100 фоизлик тариф қўлланади. Бундай бож дронларнинг док-станциялари ва айрим муҳим бутловчи қисмларига ҳам татбиқ этилади.
Хусусан, максимал учиш оғирлиги 25 килограммдан юқори бўлган ва тепловизорлар билан жиҳозланган дронлар учун бож ставкаси маҳсулот қийматининг 100 фоизини ташкил этади.
Максимал учиш оғирлиги 25 килограмм ва ундан кам бўлган дронларга эса 25 фоизлик импорт божи белгиланган.
Бироқ айрим давлатлар учун алоҳида ставкалар назарда тутилган. Европа Иттифоқи мамлакатлари, Япония, Жанубий Корея, Швейцария, Тайван ва Лихтенштейндан импорт қилинадиган дронлар ҳамда уларнинг бутловчи қисмларига 15 фоизлик тариф қўлланади. Буюк Британия маҳсулотлари учун эса бож ставкаси 10 фоиз этиб белгиланган.
Янги тарифлар прокламация имзоланганидан 21 кун ўтиб кучга киради. АҚШ миллий хавфсизлиги учун алоҳида аҳамиятга эга бўлмаган дрон компонентларига божлар эса ҳужжат имзоланганидан 180 кун кейин қўллана бошлайди.
АҚШ дрон ишлаб чиқаришни мамлакат ичида оширмоқчи
Оқ уй янги тарифларнинг жорий этилишини миллий хавфсизлик манфаатлари билан изоҳлади.
АҚШ маъмуриятига кўра, учувчисиз аппаратлар замонавий қуролли можароларда муҳим технологияга айланган ва мамлакатнинг ҳозирги ҳамда келажакдаги ҳарбий операциялари учун катта аҳамият касб этади.
Шу билан бирга, АҚШда дронлар ишлаб чиқариш муҳим бутловчи қисмларни етказиб берувчи хорижий компанияларга боғлиқ бўлиб қолаётгани миллий ва киберхавфсизлик нуқтаи назаридан хавф туғдираётгани таъкидланган.
Шу сабабли Вашингтон дронларни мамлакат ичида ишлаб чиқариш ҳажмини тез суръатларда оширишни мақсад қилган.
Хитойнинг дрон бозоридаги устунлиги
AFP агентлиги янги тарифлар ҳақидаги хабарида Хитойнинг жаҳон дрон саноатидаги катта улушига эътибор қаратган.
Яқинда The Telegraph нашри Буюк Британия ҳарбий-денгиз кучларига тегишли денгиз разведка дронлари Хитойда ишлаб чиқарилган компонентлар сабаб маълумотларни Хитойга яширин равишда узатгани ҳақида хабар берган эди.
Шунингдек, Bloomberg агентлиги февраль ойида Хитой дронлари Россияга Таиланд орқали етказиб берилгани ҳақида ёзган. Агентлик маълумотларига кўра, 2025 йилнинг 11 ойи давомида Россия Таиланддан 125 миллион долларлик учувчисиз аппаратларни импорт қилган.
Bloomberg аввалроқ Хитой айрим муҳим дрон компонентларини Ғарб мамлакатларига етказиб беришни қисқартириб, айни пайтда Россияга бундай маҳсулотлар экспортини оширгани ҳақида ҳам хабар берган.
АҚШ маъмурияти янги тарифлар орқали хорижий етказиб берувчиларга қарамликни камайтириш, ички дрон саноатини ривожлантириш ва миллий хавфсизлик учун муҳим технологияларни мамлакатда ишлаб чиқаришни рағбатлантиришни кўзламоқда.











