Президент Шавкат Мирзиёев Кадастр агентлиги фаолиятини янгича ёндашувлар асосида ташкил этиш, аҳоли ва тадбиркорларга кўрсатилаётган хизматларни соддалаштириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.

Тақдимотда агентлик фаолиятини “битта ариза – битта тўлов” тамойили асосида ташкил этиш бўйича таклифлар ҳам кўриб чиқилди.

Янги тартибга кўра, кўчмас мулкка ҳуқуқ пайдо бўлганида ариза автоматик равишда шакллантирилиб, проактив хизмат кўрсатилади. Бу орқали бир йилда 1 миллион 200 минг нафар аризачининг вақти ва маблағи тежалади. Кадастрга оид барча хизматларни битта ариза асосида кўрсатиш йўлга қўйилиб, йилига 200 мингта ортиқча ариза қисқартирилади.

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни рўйхатдан ўтказиш жараёни тўлиқ онлайн шаклга ўтказилади. Натижада йилига 500 мингта аризани амалдаги 10-15 кун ўрнига бир неча сонияда рўйхатдан ўтказиш имконияти яратилади.

Маъмурий жавобгарликни мақбуллаштириш бўйича таклифлар ҳам маъқулланди.

Жумладан, 2018 йилга қадар ноқонуний қурилган уй-жойлар учун жарима қўлламаслик, ноқонуний қурилиш ихтиёрий равишда бартараф этилганда жавобгарликни енгиллаштириш таклиф қилинди. Шунингдек, кўчмас мулк ҳуқуқини рўйхатдан ўтказиш учун белгиланган муддатда ариза берилмаган ҳолатда биринчи марта жарима ўрнига огоҳлантириш бериш назарда тутилмоқда.