Жаҳон | 11:40 / 22.11.2025
3536
4 дақиқада ўқилади

«Тинчлик режаси»: ЕИда Уиткоффга психиатрга мурожаат қилиш тавсия этилди

ЕИ амалдорлари Politico нашри билан суҳбатда Трампнинг «тинчлик режаси»да кўрсатилган РФнинг музлатилган активларидан фойдаланиш усулига қарши чиқди.

Фото: REUTERS

АҚШ президенти Доналд Трампнинг Украинадаги урушни тугатиш бўйича «тинчлик режаси»да назарда тутилган Россиянинг музлатилган активларидан фойдаланиш усули Европа Иттифоқининг ушбу маблағлар ҳисобига Киевга «репарациявий кредит» бериш режаларига тўсқинлик қилиши мумкин. Бу ҳақда Politico нашрининг Европа таҳририяти билан суҳбатда бир неча европалик амалдор ва дипломатлар анонимлик шарти билан маълум қилган. Politico материалини жума куни, 21 ноябрда эълон қилди.

Брюсселда Евроиттифоқнинг юқори мартабали амалдори Трампнинг Европада жойлашган Москва активларини тасарруф этиш бўйича ҳатто энг кичик ваколатга ҳам эга эмаслигини таъкидлади. ЕИга аъзо мамлакатлардан бири амалдори эса «тинчлик режаси»дан ғазабини «жонли ҳақоратли ифода» орқали билдирган, Европа Иттифоқининг юқори даражали сиёсий арбоби, ОАВ маълумотларига кўра, ушбу режанинг асосий муаллифларидан бири бўлган Трампнинг махсус вакили Стивен Уиткофф «психиатрга мурожаат қилиши керак», деб айтган.

«Европаликлар ўзини украиналиклар манфаати йўлида активлардан қандай фойдаланиш бўйича ҳаётий ечим топишга уриниш билан ҳаддан зиёд чарчатяпти, Трамп эса бундан фойда кўришни истаяпти. Бу таклиф, эҳтимол, барча томонлардан рад этилади», — дея собиқ француз амалдорининг сўзларини келтиради Politico. У Трамп режасининг ушбу бандини «можароли» деб атади.

АҚШнинг «тинчлик режаси» Европада қолган Россия активларини блокдан чиқаришни назарда тутади. Кутилганидек, 100 миллиард доллар АҚШ назорати остида Украина тикланиш ишларига инвестиция қилинади, Америка томони ушбу лойиҳадан олинадиган фойданинг 50 фоизини олишни режалаштирмоқда. Яна 100 миллиард долларни тикланиш учун Европа ажратиши керак бўлади.

Музлатилган Россия маблағларининг қолган қисми режага мувофиқ Америка-Россия инвестиция жамғармасига йўналтирилади, у икки мамлакатнинг қўшма лойиҳаларини амалга оширади.

2022 йилда Россия Молия вазирлиги раҳбари Антон Силуанов музлатилган активлар ҳажмини тахминан 300 миллиард доллар деб баҳолагани ҳақида айтган эди. Энг катта улуш — тахминан 220 миллиард доллар — Белгиядаги Euroclear депозитарийда сақланаётгани қайд этилган.

ЕИ Россиянинг музлатилган маблағлари гарови остида бермоқчи бўлган «репарациявий кредит»ни Украина фақат уруш тугаганидан ва Россия етказилган зарарни қоплашга рози бўлганидан кейингина тўлайди. Бу ҳолатда Еврокомиссия пулларни Белгиядаги Euroclear депозитарийсига қайтариб беради ва Россия улардан яна фойдаланиш имконига эга бўлади. Кредит тахминан 140 миллиард евро ёки 162 миллиард доллар атрофида бўлади — бу сумма Украинанинг 2026 ва 2027 йиллар учун «энг зарур молиявий эҳтиёжи» деб баҳоланган.

ЕИ саммитида жорий йил октябр ойида Белгия бош вазири Барт де Вевер, агар уюшмага аъзо қолган давлатлар эҳтимолий таваккалчиликларга шерик бўлмаса, Россиянинг музлатилган активларидан фойдаланиш бўйича Европа ташаббусини қўллаб-қувватламаслигини маълум қилди. Шунда иштирокчи давлатлар Белгияни ҳимоя қилиш лозимлигига келишиб олган ва активлар тақдирини ЕИ саммитида 18–19 декабр кунлари якуний ҳал қилишга келишган.

Энди эса, европалик амалдорлардан бирининг сўзларига кўра, Трамп режаси «репарациявий кредитни янада бериб боришга қарши далилга» айланиши мумкин, чунки ЕИ активларни блокдан чиқаришни талаб қилаётган Америка раҳбари томонидан босимга дуч келади. Бу ҳолда, агар кредит барибир бериладиган бўлса, уни Россияга қайтариш юки Европа мамлакатлари зиммасига тушиши мумкин.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид