21 ноябрь куни АҚШ президенти Доналд Трамп Оқ Уйда Ню Йорк шаҳрининг янги сайланган мэри Зоҳран Мамданини кутилмаган тарзда илиқ ва дўстона қабул қилди. Хусусан, президент Доналд Трамп бу йил Овал офисда бир нечта драматик қарама-қаршиликларга сабаб бўлган эди. Шунда келиб чиқиб, кўпчилик бу учрашувдан ҳам «портлайдиган воқеалар» кутганди. Аммо уларнинг иккиси ҳам журналистлар олдида кутилмаган даражада сокин ва самимий чиқишлар қилиб, очиқ қарама-қаршиликка бормади.

Трамп илгари Мамданини «коммунист телба» ва «мутлақ эс-ҳушдан айрилган одам» деб атаган бўлсада, Мамдани эса Трамп маъмуриятини «авторитар» деб таърифлаганди.

Икки етакчи тахминан 45 дақиқа учрашишди. Мамдани Оқ уй Ғарбий бўлими бўйлаб экскурсия ҳам қилди. Бу экскурсия Кабинет хонасига ташрифни ўз ичига олди, у ерда Трамп иккиси Франклин Рузвелт портрети қаршисида суратга тушди.

Фото: Donald Trump / Truth Social

Президент маслаҳатчилари айтишича, Трамп учрашув муваффақиятли бўлишига қатъий бел боғлаган, сўнгги икки кун ичида у ҳақида шахсий суҳбатларда мақтов билан гапирган.

Associated Press нашрининг ёзишича, учрашув иккала сиёсатчи учун ҳам имкониятлар яратди. Хусусан, Мамдани АҚШнинг «энг қудратли» шахси билан юзма-юз суҳбатлашиш имкониятига эга бўлди. Трамп учун эса «яшаш харажатлари бўйича сайловчилар хавотирларига жавоб бериш зарурати ошаётган» вақтда арзонлаштириш масаласида чиқиш қилиш имконияти яралди.

Улар нималарни гаплашди?

Мамдани ва Трамп уй-жой арзонлиги, озиқ-овқат ва коммунал хизматлар нархи ҳақида гаплашишганини айтишди. Мамдани сайловларда инфляциядан келиб чиққан норозилик кайфиятини ўз ғалабасига айлантирганди.

«Унинг айрим ғоялари меники билан бир хил,» деди президент Мамданининг инфляция борасидаги қарашлари ҳақида.

У айрим пайтларда ҳатто Мамданини ҳимоя қилаётгандек кўринди: бир неча саволларда унинг ўрнига аралашди. Масалан, журналистлар Мамданига президентни аввал «авторитар» деб атаганини аниқлаштиришни сўраганида, Трамп: «Мени бундан ҳам баттарроқ деб аташган. Шунинг учун бу унчалик ҳам оғир эмас», деди.