Спорт | 17:08 / 23.11.2025
14702
2 дақиқада ўқилади

Шахматчи Жавоҳир Синдаров Жаҳон кубоги финалига чиқди

У яримфиналда яна бир ўзбекистонлик Нодирбек Ёқуббоевни мағлуб этди.

Фото: FIDE

Ҳиндистоннинг Гоа шаҳрида шахмат бўйича 2025 йилги Жаҳон кубоги (FIDE World Cup 2025) давом этмоқда. Мусобақа жаҳон чемпионини эмас, балки жаҳон шахмат тожига даъвогарларнинг 2026 йилги турнири иштирокчиларини аниқлайди.

Мусобақа яримфиналида ўзбекистонлик икки шахматчи тўқнаш келди. Жавоҳир Синдаров жуда қийин баҳсда Нодирбек Ёқуббоевни 2,5:1,5 ҳисобида мағлуб этди. У финалга чиқиш билан бирга жаҳон шахмат тожига даъвогарларнинг 2026 йилги турнирига ҳам йўлланма олди. Бу ўзбек шахмати тарихида биринчи марта рўй берди. Энди Жавоҳир Синдаров финалда хитойлик Вэй И билан баҳслашади.

Жавоҳир Синдаров ва Нодирбек Ёқуббоев

Нодирбек Ёқуббоев эса учинчи ўрин учун баҳсда нейтрал байроқ остида дона сураётган Андрей Есипенко билан тўқнаш келади. Бу ўйин ғолиби ҳам жаҳон шахмат тожига даъвогарларнинг 2026 йилги турнирига йўл олади.

Шахмат тожига даъвогарларнинг 2026 йилги турнири 28 мартдан 16 апрелга қадар Кипрда ўтказилади. Унда 8 нафар шахматчи иштирок этади. Ҳозирча мусобақага йўлланма олганлар: Фабиано Каруана (АҚШ), Аниш Гири (Нидерландия), Маттиас Блюбаум (Германия), Хикару Накамура (АҚШ), Жавоҳир Синдаров (Ўзбекистон), Ван И (Хитой).

Мусобақа ғолиби дунё шахмат тожининг амалдаги эгаси – ҳиндистонлик Гукеш Доммаражуга қарши баҳс олиб боради.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид