S&P Ўзбекистоннинг узоқ муддатли суверен рейтингини “BB-“дан “BB” даражасига оширди ва прогнозни «барқарор» деб белгилади.
Рейтинг яхшиланишига нималар асос қилиб олинган?
Рейтингнинг оширилиши, биринчи навбатда, сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг макроиқтисодий сиёсатини юритишдаги яхшиланишлар билан изоҳланади. Бу борадаги асосий чоралар қуйидагиларни ўз ичига олади:
- энергия тарифларини босқичма-босқич эркинлаштириш;
- тартибга солиш сифати ва назоратини кучайтириш;
- давлат корхоналарини хусусийлаштириш;
- 2026 йилда ЖСТга аъзо бўлишга тайёргарлик.
Энергия тарифларининг босқичма-босқич таннарх даражасига кўтарилиши ҳукуматнинг субсидияларни қисқартиришига ёрдам бермоқда. Расмийлар 2023 йил октябрдан бошлаб корхоналар ва аҳоли учун электр ва газ тарифларини оширишни бошлади ва жараён 2025 йилда ҳам давом эттирилди. Бу ўзгаришлар инфляцияни вақтинча оширган бўлса-да, субсидияларнинг 2023 йилдаги 1,5 млрд доллар (ЯИМнинг 1,4 фози) даражасидан 2024 йилда 0,8 млрд долларга (ЯИМнинг 0,7 фоизи) камайишига ёрдам берган.
Рекорд даражадаги олтин нархлари 2023–2025 йиллар оралиғида Ўзбекистоннинг халқаро захираларини икки бараварга кўпайтирган. Олтин ва бошқа металлар умумий экспортнинг қарийб 40 фоизини ташкил этади. Марказий банк захираларининг 80 фоизи монетар олтиндан иборат. Бунинг натижасида мамлакат қулай ташқи савдо шароитларидан фойда кўряпти.
Гарчи геосиёсий ва глобал савдодаги ноаниқликлар фонида Ўзбекистон учун тўлов балансига оид хавфлар юқори деб баҳоланса-да, бу хатарлар қуйидаги омиллар орқали қисман юмшатилади:
- ташқи молиялаштиришнинг кучлилиги,
- ташқи қарз шартномаларининг узоқ муддатга тузилиши,
- ривожланаётган бозорлар контекстида ташқи қарз юкининг нисбатан мўътадиллиги.
Шунга қарамай, ташқи манбалар ҳисобидан молиялаштирилаётган инвестиция лойиҳалари ҳукумат кутган барқарор ўсишни таъминлай олмаса, қарз муаммога айланиши мумкин.
















