Жамият | 15:18 / 01.12.2025
1712
1 дақиқада ўқилади

Олмаотада оғир аҳволга тушиб қолган бир гуруҳ фуқаролар Ўзбекистонга қайтарилди

Ўзбекистоннинг Олмаота шаҳридаги Бош консулхонаси ва Миграция агентлиги ваколатхонаси кўмагида иш берувчилари томонидан меҳнат ҳақи тўланмаган, оғир моддий аҳволга тушиб қолган бир гуруҳ ватандош юртга қайтарилди.

Фото: “Дунё” АА

“Дунё” ахборот агентлиги маълумотларга кўра, Ўзбекистоннинг Олмаота шаҳридаги Бош консулхонаси ҳамда ушбу шаҳарда фаолият юритаётган Миграция агентлиги ваколатхонаси томонидан бир гуруҳ ҳамюртлар Ўзбекистонга қайтарилди.

Маълум қилинишича, Олмаотада иш берувчилари томонидан меҳнат ҳақлари берилмасдан, оғир моддий аҳволга тушиб қолган бу фуқароларга консуллик ҳужжатларини расмийлаштиришда амалий ёрдам кўрсатилган, улар моддий ва маънавий қўллаб-қувватланган.

Бош консулхона томонидан ватандошларга Ўзбекистонга қайтиш учун тегишли сертификатлар берилган. Шундан сўнг Миграция агентлиги ваколатхонаси уларнинг Олмаота–Тошкент йўналиши бўйича авиачипталарини харид қилишда кўмаклашди.

Ушбу чора-тадбирлар Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири — фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни қийин ҳолатларда ёлғиз қолдирмаслик тамойили амалда намоён бўлаётганидан далолат беради.

Таъкидланишича, юртнинг ҳеч бир фуқароси эътибордан четда қолмайди ва уларнинг ватанга қайтишини таъминлаш учун барча зарур чоралар кўрилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид