Спорт | 14:53 / 03.12.2025
1138
3 дақиқада ўқилади

CAS Россия чанғичиларига халқаро мусобақаларда қатнашишга рухсат берди

Лозаннадаги Спорт арбитраж суди (CAS) Халқаро чанғи спорти ва сноуборд федерацияси (FIS) Олимпия ўйинлари олдидан россиялик ва беларуслик спортчиларни саралаш мусобақаларига қўймагани учун улар томонидан берилган апелляцияларни қисман қаноатлантирди.

Фото: Дмитрий Коротаев / Коммерсантъ

Спорт арбитраж суди (CAS) Халқаро чанғи спорти ва сноуборд бўйича федерация (FIS)га қаршилик билдирган россиялик ва беларуслик спортчилар даъволарини қисман қаноатлантирди. FIS қарорига кўра, улар Италияда бўлиб ўтадиган қишки Олимпия ўйинларида иштирок этишга қўйилмаган эди.

Лозаннада сешанба куни, 2 декабрда қабул қилинган қарорга кўра, Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) қўйган мезонларга жавоб берадиган россиялик ва беларуслик олимпиячилар қишки Олимпиада олдидан FIS саралаш мусобақаларида, шунингдек бошқа халқаро стартларда нейтрал мақомда иштирок этиши мумкин бўлади.

Паралимпиячиларга ҳам FIS мусобақаларида бошқа давлат спортчилари билан бир хил шартларда қатнашишга рухсат берилади, чунки Халқаро паралимпия қўмитаси уларга нейтрал байроқ остида иштирок этиш имконини яратмагани таъкидланади.

CAS ўз қарорида чанғи спорти ва сноуборд бўйича халқаро федерация устави спортчиларни камситишдан ҳимоя қилишини ва ташкилотдан сиёсий нейтралликни талаб қилишини эслатиб ўтди.

«Россия CAS'да FIS’га қарши даъвони ютиб чиқди. Энди FIS Россия спортчиларини халқаро мусобақаларга қўйиши шарт», — деб ёзди Россия спорт вазири ва Россия Олимпия қўмитаси раҳбари Михаил Дегтярёв CAS қарорини ўз Telegram-каналида шарҳлар экан.

21 октябр куни FIS кенгаши россиялик ва беларуслик спортчиларни ҳатто нейтрал мақомда ҳам халқаро мусобақаларга қўймасликка қарор қилган эди. Шу тариқа улар 2026 йил Милан ва Кортина-д’Ампеццода бўлиб ўтадиган Олимпия ва Паралимпия ўйинлари учун саралашда қатнашиш имкониятисиз қолган.

Шундан сўнг Чанғи спорт турлари ассоциацияси, Россия Паралимпия қўмитаси ва 12 нафар россиялик спортчи мазкур қарoрга апелляция бериб, у FIS устави, унинг сиёсий нейтраллик ва камситишга йўл қўймаслик принципларини бузишини таъкидлади. Яна бир апелляцияни Беларус чанғи иттифоқи ва 5 нафар беларуслик спортчи йўллади. Келгуси саралаш мусобақалари туфайли апелляциялар тезлаштирилган тартибда кўриб чиқилди.

ХОҚ Украинага қарши тўлиқ миқёсдаги уруш сабабли Россия ва Беларусни Олимпия ўйинларида қатнашиш ҳуқуқидан маҳрум этган. 2024 йилда Парижда бўлиб ўтган ёзги Олимпия ўйинларида россиялик спортчилар нейтрал байроқ остида индивидуал тартибда иштирок этган, ХОҚ шундай имкониятни келаётган қишки Олимпиада учун ҳам тақдим этмоқда.

Нейтрал мақомдаги спортчиларни Олимпиадага саралаш мусобақаларига қўйиш ва уларни саралаш тартибини ўтказиш халқаро спорт федерациялари зиммасига юкланган.

Келгуси қишки Олимпия ўйинлари Милан ва Кортина-д’Ампеццода 2026 йил 6–22 феврал кунлари, Паралимпия ўйинлари эса 6–15 март кунлари бўлиб ўтади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид