Аёллар дунёси | 15:18 / 04.12.2025
2072
2 дақиқада ўқилади

Аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашнинг янги молиявий инструментлари жорий этилади

Президент фармонига мувофиқ, 2026 йил 1 январдан HAMROH тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш дастури доирасида аёллар улуши юқори бўлган кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларини имтиёзли кредитлар ва кафолатлар орқали молиялаштириш учун қўшимча механизмлар ишга туширилади.

Фото: Freepik

Фармонга кўра, 2026 йил 1 январдан HAMROH тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш дастури (Дастур) доирасида хотин-қизларнинг тадбиркорлик лойиҳаларини молиявий рағбатлантиришга қаратилган қўшимча инструментлар жорий этилади.

Жумладан, тижорат банклари томонидан таъсисчилари таркибида аёллар улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган ва (ёки) раҳбари аёл киши ҳисобланган кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари, камида 10 та иш ўрни яратишни назарда тутувчи лойиҳаларга Марказий банкнинг асосий ставкасидан 10 фоиз пункт юқори ставкагача, БҲМнинг 25 минг бараваригача миқдорда кредитлар ажратилади.

Шу билан бирга, “Бизнесни кафолатлаш миллий компанияси” АЖ томонидан тижорат банклари кредитларининг 70 фоизигача бўлган қисмига кафолат (кафиллик) тақдим этилади.

Дастур доирасида молиялаштириш манбалари ҳам аниқ белгилаб қўйилган:

Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси мазкур Фармонда кўзда тутилган маблағларни Компанияга йўналтириш учун “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖга Марказий банкнинг асосий ставкасида, 3 йиллик имтиёзли давр билан 7 йил муддатга ажратади;
Компания эса ушбу маблағларни тижорат банкларига кредитларни молиялаштириш учун Марказий банкнинг асосий ставкасидан 4 фоиз пункт юқори ставкагача, 3 йиллик имтиёзли давр билан 7 йилдан ошмаган муддатга жойлаштиради.

Мазкур чора-тадбирлар хотин-қизлар тадбиркорлигини кенг қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш ва аёллар бандлигини оширишга қаратилгани таъкидланмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид