60 гектар майдонда жойлашган корхона ҳозирда ички бозорда ишлатилаётган полипропилен қоп ва юмшоқ контейнерларнинг 60 фоизини, стретч плёнкаларнинг 40 фоизини ишлаб чиқармоқда. Мажмуада 2,5 мингга яқин киши доимий иш ўрни билан таъминланган.

Қадоқлаш маҳсулотлари озиқ-овқат, фармацевтика, саноат, қурилиш, маиший кимё каби кўплаб тармоқлар учун зарур хомашё ҳисобланади. Уларнинг сифати маҳсулотнинг хавфсиз сақланиши, транспортировкаси ва бозорга ўз вақтида етказилишига бевосита таъсир кўрсатади. Шу жиҳатдан Invest Asia каби йирик қувватларнинг мамлакатда фаолият юритиши импорт харажатларини камайтиради, ички бозор барқарорлигини таъминлашга ва ишлаб чиқарувчилар харажатларини қисқартиришга хизмат қилади.

Invest Asia корхонасининг яна бир муҳим жиҳати шундаки, у Ўзбекистонда биоаксал йўналтирилган полипропилен плёнка ишлаб чиқарадиган ягона корхонадир. Ушбу плёнка тури қадоқлаш соҳасида энг талабгор материаллардан бири бўлиб, қаттиқлиги ва енгиллиги билан ажралиб туради.

Жорий йилнинг ўн ойи давомида корхонада 1,9 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган, 23 миллион долларлик экспорт амалга оширилган. Ишлаб чиқариш жараёнларида Австрия, Германия, Италия, Хитой ва АҚШда ишлаб чиқарилган юқори технологияли ускуналардан фойдаланилмоқда.

Президент корхонада амалга оширилаётган технологик жараёнларни кўздан кечирди, ишчилар билан мулоқот қилди, ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва янги маҳсулот турларини ўзлаштириш бўйича режалар билан танишди.

Йил якунига қадар мажмуа ҳудудида Марказий Осиёдаги энг йирик спанбонд ва мелтблаун типидаги нотўқима мато ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш режалаштирилган. Бундай матолар тиббиёт, қурилиш, маиший кимё ва қишлоқ хўжалигида кенг қўлланади.

Барча лойиҳалар тўлиқ қувватда ишга туширилгач, корхона мажмуасида иш ўринларининг сони 10 мингтага етказилиши, полимерни қайта ишлаш қуввати эса 280 минг тоннагача ошиши кутилмоқда.