Ушбу иловани Ўзбекистон Энергетика вазирлиги 2024 йил ноябрида тақдим этган эди.

Энергетика вазирлиги ҳамда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан аҳоли истеъмолчиларининг табиий газ сарфи ва харажатларини онлайн кузатиш имконини берувчи “Hudud Gaz Ta‘minot” мобил иловаси тест синовида ишга туширилди. Мазкур илова орқали истеъмолчилар бевосита кунлик ва ойлик кесимида табиий газ истеъмолини кузатиб бориш, хусусан, газ ҳисобрақамларига тўлов қилиш ҳамда суюлтирилган газ истеъмолчилари ўз ҳисобларини тўлдириш ва бириктирилган баллонлар рўйхатини кўриб бориш имкониятига эга бўлади”,дейилганди вазирлик хабарида.

Илова ишга туширилган пайтда ундаги барча маълумотларни кўриш бепул эди. Орадан маълум вақт ўтиб, иловага янги қўшилган ва бунгача мавжуд бўлган функцияларнинг бир қисмидан фойдаланиш учун 5 минг сўмлик премиум обуна пайдо бўлди. Бу эса айрим фойдаланувчиларда эътироз уйғотди: “Давлат нега биздан қўшимча пул ундиряпти?” деган саволлар юзага келди.

Тадбиркор Алишер Тожиев X ижтимоий тармоғида бу ҳақда янграган эътирозга жавобан, илова 100 фоиз унга тегишли экани ва ўз маблағлари ҳисобидан яратилганини маълум қилди.

HGT лойиҳасини яратиш учун давлат бюджети маблағлари сарфланмаган. Унда нега лойиҳа ҳақида Энергетика вазирлиги ва “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ўз каналида ёзиб чиққан эди? Гап шундаки, лойиҳани яратганимдан сўнг уни тегишли ташкилотларга тақдимот қилиб берганман. Очиғини яширмасдан айтаман, мақсадим давлат-хусусий шериклик асосида ишлаш бўлган. Аммо қонуний томондан йўли топилмагани сабабли ушбу таклифимни рад этган.

[...] Дастлаб лойиҳани ишлаб чиққанимда иловамизда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ номи ва логотипи ҳам бор эди. Чунки юқорида айтганимдек, давлат-хусусий шериклик асосида ишлаш ниятим бўлган. Аммо кейинчалик “Ҳудудгазтаъминот” АЖ бизга расман хат билан мурожаат қилиб, иловадан АЖ номи ҳамда логотипини олиб ташлашни, бу истеъмолчиларни чалғитаётганини таъкидлаган ва биз зудлик билан олиб ташлаганмиз”, дея ёзди Алишер Тожиев.

Тадбиркор айрим хизматларнинг пулли қилиб қўйилганини илова фаолиятини таъминлашдаги операцион харажатлар билан изоҳлади.

“Ҳудудгазтаъминот” изоҳи