Жаҳон | 12:51 / 09.12.2025
2317
3 дақиқада ўқилади

ЕК раҳбари: Путин қанчалик узоқ уришса, Россия учун харажатлар шунчалик ошиб боради

«Кўнгиллилар коалицияси» учрашувида Урсула фон дер Ляйен ЕИ учун икки устувор йўналишни қайд этди — Украинани қўллаб-қувватлаш ва Европанинг мудофаа салоҳиятини ошириш.

Фото: Yves Herman/REUTERS

Россия агрессиясидан ўзини ҳимоя қилаётган Украинани қўллаб-қувватлаш ва Европанинг мудофаа салоҳиятини ошириш «кўнгиллилар коалицияси» учун икки асосий устувор йўналиш ҳисобланади. Бу ҳақда Европа комиссияси (ЕК) раиси Урсула фон дер Ляйен душанба, 8 декабр куни баёнот берди. Унинг сўзларига кўра, у ана шу устувор мақсадлар ҳақида Украина президенти Володимир Зеленскийни ва Украинага ҳамкор давлатлар раҳбарларини хабардор қилган.

Фон дер Ляйен айтганидек, «кўнгиллилар коалицияси» учрашуви душанба куни «куннинг иккинчи ярмида» бўлиб ўтган. Эҳтимол, Лондонда Зеленскийнинг Буюк Британия бош вазири Кир Стармер, Франция президенти Эммануэл Макрон ва Германия канцлери Фридрих Мерц билан учрашувларидан кейин видеоконференция форматида ўтказилган.

Фон дер Ляйен таъкидлашича, Европа етакчилари «ўртага нима тикилганини» ҳам, «энди ортга суриш учун вақт қолмаганини» ҳам яхши англаб турганини айтиб ўтди. «Иттифоқдошларимиз билан биргаликда Европанинг Россияга босимни кучайтириш учун зарур имкониятлари ҳам, хоҳиши ҳам бор — шунда у музокаралар столига ўтиришга мажбур бўлади», — деди ЕК раҳбари.

Фон дер Ляйен сўзларига кўра, ЕКнинг Украинага «репарацион кредит» бериш тўғрисидаги таклифи «аслида Россия учун урушнинг қийматини оширади», гарчи «мураккаб механизм» бўлса-да.

«Таклиф музлатилган (ҳаракатланиши чекланган) Россия активларидан ҳосил бўладиган нақд пул қолдиқлари асосида ишлайди. Мана шу қолдиқлар репарациялар учун фойдаланилади. Шу боис Путин ўз урушини қанчалик узоқ давом эттирса, Украина инфратузилмасини вайрон қилса, Россия учун харажатлар шунчалик юқори бўлади», — деди ЕК раҳбари.

У, шунингдек, Европадаги ўзаро алоқалар «ҳар қачонгидан ҳам мустаҳкам» эканини қўшимча қилди ва иттифоқдошлар «Украинани қўллаб-қувватлаш ва Европани ҳимоя қилишда бир тан, бир жон бўлиб ҳаракат қилишини» таъкидлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид