Франция президенти девони хабарига кўра, душанба, 8 декабр куни Лондонда Украина президентининг Франция, Буюк Британия ва Германия раҳбарлари билан учрашувида АҚШ воситачилигида ўтаётган тинчлик музокараларининг оралиқ натижалари ва хавфсизлик кафолатлари муҳокама қилинди. «Украина президенти, Буюк Британия бош вазири, Германия канцлери ва Франция президенти иштирок этган ушбу учрашув бизга Украинани қўллаб-қувватлаш борасидаги ўзгармас позициямизни, шунингдек, Украинада мустаҳкам ва узоқ муддатли тинчликка бўлган садоқатимизни яна бир бор тасдиқлаш имконини берди», — дейилади баёнотда.
Украина президенти Володимир Зеленский ижтимоий тармоқларда Буюк Британия бош вазири Кир Стармер, Франция президенти Эммануэл Макрон ва Германия канцлери Фридрих Мерцга «учрашувни ташкил этгани ва тинчликка эришиш йўлида ҳар бирининг шахсий ҳиссаси учун» миннатдорлик билдирди. Унинг айтишича, учрашув чоғида Америка томони билан қўшма дипломатик ишлар ҳам муҳокама этилган, хавфсизлик кафолатлари, Украина урушдан кейинги тикланиши ва «кейинги қадамлар» бўйича «умумий позиция» келишиб олинган. «Алоҳида тарзда биз Украинани кейинги қўллаб-қувватлаш ҳақида ҳам гаплашдик», — деб қўшимча қилди Зеленский.
Буюк Британия бош вазири расмий вакили сўзларига кўра, муҳокамалар яқин кунларда миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчилар даражасида давом эттирилади. «Лидерлар шунга келишдики, дипломатик саъй-ҳаракатлар давом этаётган бир пайтда Европа Украинани қўллаб-қувватлашда давом этиши, унинг узлуксиз ҳужумлардан ҳимояланиш қобилиятини мустаҳкамлаши лозим. Бу ҳужумлар натижасида минглаб одамлар иссиқлик ва ёруғликсиз қолган», — деди расмий вакил.
Унинг сўзларига кўра, учрашувда, қолаверса, Россиянинг музлатиб қўйилган активларидан Украинани қўллаб-қувватлаш учун фойдаланиш масаласида «силжиш» қайд этилди. Франция, Германия ва Украина раҳбарлари билан учрашувдан сўнг Стармер бошқа европалик иттифоқдошлар билан телефон орқали мулоқот ўтказиб, уларни ҳозирги вазият юзасидан хабардор қилди.
DW мухбири хабар беришича, 8 декабр куни кечқурун Украина президенти Брюсселда НАТО бош котиби Марк Рютте, Европа комиссияси (ЕК) раиси Урсула фон дер Ляйен ва Европа Кенгаши раиси Антониу Кошта билан учрашиши керак эди.
Лондондаги учрашувдан олдин Мерц АҚШ томони таклиф қилган тинчлик режасининг айрим бандларига нисбатан «шубҳа» билдирган эди. Макрон эса энг долзарб вазифа сифатида «европаликлар ва украинларнинг умумий позицияларини» АҚШ ҳукумати тасаввурлари билан мувофиқлаштиришни келтирди, Стармер Вашингтон таклифини қабул қилиши учун Украина президентига босим ўтказмаслигини таъкидлади.















