Ўзбекистон | 11:20 / 10.12.2025
1931
3 дақиқада ўқилади

ЮНЕСКО қорақалпоқ қўбизи санъатини зудлик билан муҳофаза этиладиган мерос деб тан олди

ЮНЕСКО Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш ҳукуматлараро қўмитаси қорақалпоқ қўбизини ясаш ва унда ижро этиш санъатини Зудлик билан муҳофаза остига олиниши лозим бўлган номоддий маданий мерос рўйхатига киритди. Тегишли қарор Ҳиндистон пойтахтида бўлиб ўтаётган қўмита сессиясида бир овоздан маъқулланди.

“Дунё” маълумотига кўра, ушбу тарихий қарор Ўзбекистон томонидан олиб борилган мақсадли саъй-ҳаракaтлар натижаси бўлиб, Қорақалпоғистоннинг ноёб маданий анъанаси халқаро даражада эътироф этилганини англатади. Қўбиз санъатининг рўйхатга киритилиши билан Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги номоддий маданий мерос элементлари сони ўн олтитага етди.

Қўбиз — қадимий торли-камонли мусиқа асбоби бўлиб, туркий халқлар, айниқса қорақалпоқ, қозоқ ва қирғизлар орасида кенг тарқалган. Қорақалпоқ қўбизи анъанавий равишда яхлит ёғочдан, кўпинча тутдан ясалади, отнинг ёлидан қилинган иккита торга эга бўлиб, чуқур ва бетакрор оҳанглари билан ажралиб туради.

Жировлар — қорақалпоқ достончилари ва шоирлари бўлиб, қўбиз жўрлигида достонлар ва тарихий ривоятларни ижро этади. Жировчилик анъанаси қорақалпоқ халқи тарихи, фалсафаси ва маънавий қадриятларини авлоддан-авлодга етказувчи мусиқий ва шеърий мероснинг ўзига хос уйғунлиги ҳисобланади.

ЮНЕСКО экспертларига кўра, қўбиз ясовчи усталар ва созандалар сафининг қисқариб бораётгани ушбу санъат элементининг йўқолиб кетиш хавфини кучайтирмоқда. Шу боис уни Зудлик билан муҳофаза остига олиш рўйхатига киритиш зарур деб топилди. Сессия иштирокчилари бу ноёб анъанани келажак авлодлар учун асраб-авайлаш муҳимлигини алоҳида таъкидлади.

Сессия доирасида Ўзбекистон маданий меросини тарғиб қилувчи тадбирлар ҳам ўтказилиши режалаштирилган. Жумладан, “Муқаддас мероснинг қайта тикланиши: қўбиз ва қорақалпоқ жировларининг эпик анъанаси” мавзусидаги сайд-ивентда таниқли жировлар Бақберген Сиримбетов ва Давронбек Ендирбековнинг жонли ижроси, қўбиз ва жировга бағишланган ҳужжатли филм намойиши, шунингдек, уста Марат Жақсимуратов томонидан қўбизни ясаш жараёни амалий тарзда намойиш этилиши кўзда тутилган.

Жума куни бўлиб ўтадиган йиғилишда эса қорақалпоқ, қозоқ ва қирғиз ўтовларини Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритиш масаласи кўриб чиқилиши кутилмоқда. Бу Марказий Осиё халқларининг умумий маданий меросини сақлаш ва ривожлантиришда яна бир муҳим қадам бўлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид