Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда футбол бўйича U-20 Жаҳон чемпионатини ўтказиш чоралари белгиланди
2027 йилда Ўзбекистон ва Озарбойжонда 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида ФИФА Жаҳон чемпионати ўтказилади. Унга муносиб тайёргарлик кўриш, юқори даражада ўтказиш мақсадида президент қарори қабул қилинди.
Фото: Getty images
2027 йилда Ўзбекистон ва Озарбойжонда бўлиб ўтадиган футбол бўйича U-20 Жаҳон чемпионатини юқори савияда ташкил этиш чоралари бўйича президент қарори қабул қилинди.
Унда U-20 Жаҳон чемпионатига муносиб тайёргарлик кўриш, уни юқори даражада ўтказиш, Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) талабларига мувофиқ зарур бўлган инфратузилмани яратиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Жумладан, ташкилий қўмита ва тайёргарлик дастури тасдиқланди.
Ташкилий қўмитага ФИФА талабларига мувофиқ Жаҳон чемпионати ўтказиладиган объектларнинг инфратузилмасини яхшилаш, замонавий техник ва телекоммуникация ускуналари билан жиҳозланишини таъминлаш, Жаҳон чемпионати иштирокчиларининг Ўзбекистонга келиб-кетиши, уларга виза расмийлаштирилиши, транспорт, тиббий хизмат кўрсатиш ва волонтёрлик масалаларини мувофиқлаштириш, Жаҳон чемпионати бўлиб ўтадиган ҳудудларни узлуксиз ва муқобил электр энергияси билан таъминлаш, ободонлаштириш ишлари ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш, Жаҳон чемпионати бўлиб ўтадиган ҳудудларда футбол стадионлари, машғулот майдонлари ва меҳмонхоналарни тайёр ҳолатга келтириш вазифаси юклатилди.
Транспорт вазирлигига Жаҳон чемпионатида аккредитациядан ўтган шахслар ҳамда ўйин кунлари чиптаси бор шахсларнинг жамоат транспортида ҳаракатланиши учун Тошкент – Янги Тошкент – Тошкент йўналишида алоҳида автобуслар қатновини йўлга қўйиш, жамоат транспорти воситаларидан (автобус, метро) бепул фойдаланиш имкониятларини яратиш чоралари юклатилди.
ФИФА ва Ўзбекистон футбол ассоциациясининг (ЎФА) Тошкент шаҳрида Марказий Осиё мамлакатлари учун ФИФА минтақавий офисини очиш таклифи маъқулланди.
Жаҳон чемпионатини юқори савияда ўтказиш мақсадида, Ўзбекистон футбол ассоциациясига Янги Тошкент шаҳри ҳудудида барпо этилаётган “Янги Тошкент марказий футбол ўйингоҳи” ФИФА ва Осиё футбол конфедерациясининг нуфузли мусобақалар ўтказиш бўйича талабларига мослаштирилишини назорат қилиш юклатилди.
Қарорга кўра, Жаҳон чемпионати бош соврини — Жаҳон кубогини оммага таништириш учун республика бўйлаб маршрути ЎФА томонидан ишлаб чиқилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Жаҳон чемпионатига муносиб тайёргарлик кўриш, уни юқори даражада ташкил этиш ва ўтказиш учун талаб этиладиган маблағлар 2026–2027 йилларда Давлат бюджети параметрларида назарда тутилишини таъминлайди.
Маълумот ўрнида, U-20 Жаҳон чемпионати ҳар икки йилда ўтказиладиган турнир ҳисобланади. Сўнгги мусобақа 2025 йил сентябр-октябр ойларида Чили майдонларида ўтказилди. Унда Марокаш ёшлари ғалаба қозонди. Ўзбекистон ёшлари мусобақага йўлланмани қўлга киритолмади.
Мавзуга оид
18:50 / 12.12.2025
ФИФА ЖЧ-2026 чипталарининг қиммат нархи туфайли «улкан хиёнат»да айбланди
23:23 / 11.12.2025
ЖЧ-2026 чипталари учун аризалар қабули бошланди
08:46 / 06.12.2025
Трампга ФИФАнинг янги тинчлик мукофоти топширилди
23:03 / 27.11.2025