Жаҳон | 08:31
3211
3 дақиқада ўқилади

Уиткофф Берлиндаги учрашувдан сўнг: ўт очишни тўхтатишга яқинлашдик

Берлинда Зеленский, Уиткофф ва Кушнер 20 банддан иборат тинчлик йўлидаги режа, иқтисодий масалалар ва бошқа мавзулар бўйича “чуқур муҳокамалар” ўтказган, деб ёзди АҚШ президентининг махсус вакили.

Фото: Telegram / V_Zelenskiy_official

Берлинда Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашув чоғида Кремл бошлаган жанг ҳаракатларини тўхтатиш йўлида “сезиларли олға силжиш”га эришилган. Бу мазмундаги баёнот АҚШ президенти Доналд Трампнинг махсус вакили — Стивен Уиткоффнинг якшанба куни, 14 декабр, X ижтимоий тармоғида қолдирган ёзувида келтирилган.

Уиткофф қайд этишича, Украинада эҳтимолий ўт очишни тўхтатиш масаласи бўйича америкалик ва украиналик делегациялар ўртасидаги маслаҳатлашувлар 5 соатдан ортиқ давом этган. Учрашувда Трампнинг маслаҳатчиси ва куёви Жаред Кушнер ҳам иштирок этган.

Уиткофф постида айтилишича, томонлар 20 банддан иборат тинчлик йўлидаги режа, иқтисодий масалалар ва бошқа мавзулар бўйича “чуқур муҳокамалар” ўтказган.

Германия канцлери Фридрих Мерц ҳам муҳокамаларнинг бошида ҳозир бўлган, кейин эса dpa маълумотига кўра, ўз вакилини қолдириб, учрашувни тарк этган.

«Биз Украинада мустаҳкам тинчлик истаймиз», — деб ёзган Мерц X ижтимоий тармоғида. «Олдимизда мураккаб масалалар турибди, бироқ олға силжишга қатъий бел боғлаганмиз», — деб қўшимча қилган у.

Душанба куни, 15 декабр, маслаҳатлашувлар давом эттирилади. AFP агентлиги эслатишича, кечқурун музокараларга Европа давлатлари ва ҳукуматлари раҳбарлари, шунингдек ЕИ ва НАТО раҳбарлари ҳам қўшилади.

Бундан аввал Reuters агентлиги хабар беришича, Украина президенти WhatsApp чатида журналистлар саволларига жавоб берар экан, тинчлик таклифларида муросалар бўлишини айтган. Хусусан, Reuters ёзишича, Киев НАТОга аъзо бўлиш ўрнига АҚШ, Европа ва бошқа ҳамкорлар томонидан юридик мажбурий хавфсизлик кафолатларини қабул қилишга тайёр.

Шунингдек, Reuters қайд этишича, 14 декабр куни Володимир Зеленский жанг ҳаракатларини фронтнинг ҳозирги чизиғи бўйича музлатишни “адолатли вариант” деб атаган. Россия эса аввал ҳам бир неча бор Киевдан Украина қўшинларини ҳатто РФ Қуролли кучлари эгаллай олмаган Донецк ва Луханск вилоятларининг айрим қисмларидан ҳам олиб чиқишни талаб қилган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид