Жаҳон | 15:05 / 17.12.2025
2208
2 дақиқада ўқилади

Германия: янги денгиз вертолёти сувости кемаларига қарши курашни кучайтиради

ГФР ҳарбий-денгиз кучлари биринчи Sea Tiger борт вертолётини қабул қилди. Мамлакат мудофаа вазири Писториус Россия флоти томонидан таҳдидлар ортиб бораётгани ва НАТО мудофаасини мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлади.

Фото: Christoph Soeder/dpa/picture alliance

Германия ҳарбий-денгиз кучлари асосан сувости кемаларига қарши кураш учун мўлжалланган биринчи янги вертолётни қабул қилди. NH-90 MRFH Sea Tiger денгиз вертолёти мамлакат ва иттифоқчилар мудофааси учун янги имкониятлар очади, деди ГФР мудофаа вазири Борис Писториус сешанба, 16 декабр куни янги вертолёт Берлиндаги Мудофаа вазирлиги ҳудудига қўнгандан сўнг.

Вазирнинг сўзларига кўра, гап, аввало, ҳаводан туриб сув остидаги ва денгиз юзасидаги таҳдидларга қарши кураш, шунингдек сувости кемаларини “овлаш” ҳақида кетмоқда. “Путин ўз флотини катта суръатда кучайтиришда давом этмоқда. Украинадаги уруш учун унга у деярли керак ҳам эмас. Қора денгиз флоти — бу бошқа, аммо Шимолий Атлантики флоти — умуман бошқа”, — деди Писториус.

“Бу шундан далолат берадики, биз НАТО аъзоси сифатида ҳам, Германия Федератив Республикаси сифатида ҳам ўз ҳарбий-денгиз кучларимизни тезроқ ва самаралироқ жиҳозлашга мажбурмиз”, — дея қўшимча қилди у.

Умуман олганда, денгиз авиацияси учун 30 та Sea Tiger вертолёти сотиб олиш режалаштирилган. Улар Қуйи Саксония федерал еридаги Нордхолц шаҳрида жойлашган 5-рақамли денгиз авиация қанотига жойлаштирилади. Янги модел 1981 йилдан буён ГФР ҳарбий-денгиз кучлари қурол-аслаҳасида турган Sea Lynx вертолёти ўрнини босиши керак.

Sea Tiger сувга тушириладиган гидролокатор тизими билан жиҳозланган бўлиб, бу сув остидаги вазият манзарасини шакллантириш ва сувости кемаларини аниқлаш имконини беради. Ундан торпедалар ва кемаларга қарши ракеталар қўлланиши мумкин. “Фрегатлар учун кўп мақсадли вертолёт” маъносини берувчи MRFH версиясида янги вертолёт айнан шу мудофтоифадаги кемаларда фойдаланиш учун махсус мослаштирилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид