“Дунё” АА хабарига кўра, элчихона консуллик бўлимига келиб тушган шикоятларни таҳлил қилиш натижасида инсофсиз иш берувчилар томонидан қуйидаги ҳолатлар кўп учраётгани қайд этилган:
- иш ҳақининг мунтазам тўланмаслиги ёки узоқ муддат кечиктирилиши;
- вақтинчалик яшаш ва ишлаш учун рухсатномалар олишдаги муаммолар;
- ҳужжатларни расмийлаштириш хизматлари учун такрорий (“икки карра”, “уч карра”) йиғимлар;
- иш беришни рад этиш ва қўшимча тўловларга рози бўлмаганларни депортация қилиш билан таҳдид қилиш;
- ноқонуний ишлаётганларни баҳона билан тўсатдан ишдан бўшатиб, кейин иш ҳақини тўлашдан бош тортиш.
Маълум қилинишича, элчихона ўз фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида қоидабузар иш берувчилар билан музокаралар олиб борган, Хорватиянинг ваколатли идораларига расмий ноталар юборган ҳамда фуқароларга суд ва маъмурий жараёнларда ҳамроҳлик қилган.
Шу билан бирга, элчихонага кўра, муаммоларнинг катта қисми чет элга ноқонуний воситачилар орқали чиқиш ва ишга жойлашишнинг дастлаб ноқонуний ёки ярим қонуний каналлари туфайли юзага келмоқда.
Элчихона фуқароларга:
- Хорватия ва Сербияга ишлаш учун фақат Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг амалдаги лицензиясига эга хусусий бандлик агентликлари орқали чиқиш;
- лицензияси йўқ шахс ёки фирмаларга пул ўтказмаслик;
- туристик, меҳмон визаси ёки бошқа ишчи бўлмаган визалар билан ноқонуний ишга жойлашишга уринмаслик (бу депортация, Шенген ҳудудига 5 йилгача кириш тақиқи ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин);
- меҳнат шартномасини имзолашдан олдин уни ўзбек ёки рус тилига таржима қилишни талаб қилиш ва шартларни диққат билан ўрганиш;
- муаммо юзага келганда дарҳол элчихонага мурожаат қилишни тавсия қилди.
Шошилинч алоқа телефони: +36 304 362 636. Мессенжерлар ва расмий маълумотлар: https://hungary.mfa.uz/page/28447.















