Ўтган ҳафта ижтимоий тармоқларда Yandex Go ҳайдовчиларининг иш ташлаш ҳақидаги чақириқлари пайдо бўлган эди. Telegram'даги гуруҳлар ва Instagram'даги саҳифаларида видеомурожаат билан чиққан бир гуруҳ ҳайдовчилар агрегатордаги тарифлардан норозилик билдириб, ҳамкасбларини 15 декабр, душанба куни ишга чиқмасдан, бойкот қилишга чорлаган эди.
Аммо, компания берган расмий маълумотдан келиб чиқилса, иш ташлашга уриниш иш бермаган. Аксинча, ўша куни линияга чиққан таксилар сони кўпроқ ҳам бўлган.
Yandex Uzbekistan матбуот хизматининг Kun.uz сўровига жавобан маълум қилишича, 15 декабр, душанба куни икки ҳафта олдингига қараганда 1500 нафарга кўпроқ ҳайдовчи линияга чиққан. Шу куни ҳайдовчилар линияда ўтказган жами иш соатлари икки ҳафта олдингидан 3 фоизга кўпроқ бўлган. Кун давомида Yandex Go орқали амалга оширилган сафарларда икки ҳафта олдингига қараганда 5000 нафар кўпроқ йўловчи ташилган.
Қайд этиш лозим, ўтган ҳафта душанба куни 8 декабр – байрам кунига тўғри келгани сабабли, юқоридаги рақамларда таққослаш учун 1 декабр, душанба санаси олинган. Чунки байрам кунлари одатда ҳайдовчилар ҳам, йўловчилар ҳам камроқ бўлади.
Yandex Go маъмуриятига кўра, сервис штат режимида ишлашда давом этяпти. Ижтимоий тармоқларда ҳам кўплаб фойдаланувчилар 15 декабр куни ушбу такси хизмати фаолиятида ўзгариш сезмагани, нархларнинг ноодатий ошиши ёки одатдагидан узоқроқ вақт кутиб қолиш каби муаммолар бўлмаганини ёзиб қолдирди.
Kun.uz суҳбатлашган икки нафар Yandex Go ҳайдовчиси ижтимоий тармоқларни кузатмаслиги сабаб бойкотдан умуман бехабар бўлганликларини айтишди.
Бойкотга уриниш сабабига келсак, ташаббускор ҳайдовчилар агрегатордаги тарифлардан норозилик билдирмоқда. Улар Yandex ушлаб қоладиган комиссия миқдори юқорилиги, ёқилғи нархлари ва автомобилнинг бошқа эксплуатацион харажатлари ошаётгани, бу омилларнинг барчаси уларнинг соф даромадини “еб юбораётгани”дан шикоят қилишган.
Бойкот иштирокчиларидан айримлари 15 декабр куни бошқа ҳайдовчиларни линияга чиқишдан қайтариш учун иловага сохта буюртмалар киритиб, ҳамкасби чақирилган жойга етиб келишидан олдин буюртмани бекор қилиб юбориш билан шуғуллангани акс этган скриншотларни тарқатди. Уларнинг бу хатти-ҳаракати ҳайдовчилар жамланган Telegram-гуруҳларда танқидларга сабаб бўлди.
Қайд этиш лозим, Yandex Go ҳайдовчиларининг норозилик сифатида ўз ҳамкасбларини иш ташлашга ундаш акцияси Ўзбекистондан бошлангани йўқ. Бойкотга чорлов аввалига Россияда пайдо бўлганди. Рус нашрларининг














