Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Берлинда дронлардан ҳимоя қилиш маркази очилди
Дронлардан ҳимоя қилиш маркази турли федерал ва маҳаллий идоралар, Бундесвер ва махсус хизматлар ишини мувофиқлаштиради. У январ ойида Берлинда федерал полиция базасида иш бошлайди.
Фото: Tobias Schwarz/AFP Pool/dpa/picture alliance
ГФР ҳукумати ва Германия федерал ерлари ҳокимиятлари дронлардан ҳимоя қилиш бўйича қўшма марказ ташкил этди. Федерал полиция базасида Берлинда чоршанба, 17 декабр куни расман очилган мазкур идора январ ойида иш бошлайди.
Учувчисиз аппаратлар (дронлар)дан ҳимоя қилиш маркази доирасида хавфсизлик идоралари, Бундесвер ва разведка хизматлари вакиллари рухсатсиз дронларни аниқлаш ва нейтраллаштириш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштиради. 11-бошқарма раҳбари, федерал полиция вакили Олаф Линднер dpa агентлигига тушунтиришича, улар ахборот алмашади ва тезкор ҳаракатларни мувофиқлаштиради.
Янги идора тузилмавий жиҳатдан аллақачон мавжуд бўлган Терроризмга қарши кураш бўйича бирлашган марказ намунасида ташкил этилади, у ерда полиция, махсус хизматлар ва бошқа идоралар вакиллари жорий хавф-хатарлар ҳақидаги маълумотларни ўзаро алмашади.
Германияда дронлардан ҳимоя чоралари биринчи навбатда аэропортларга, Бундесвер базаларига ва энергетика компанияларига дахл қилади. Мамлакат ҳокимияти РФнинг Украинага қарши тўлиқ кўламли уруши бошланганидан бери муҳим объектлар яқинида дронлар пайдо бўлиши ҳолатлари сони ортиб бораётганини қайд этмоқда. “Биз асосан бу учувчисиз аппаратлар душман давлатлар томонидан бошқарилади, деб ҳисоблаймиз”, — деди ГФР ички ишлар вазири Александер Добриндт.
Федерал полиция базасида дронларга қарши кураш маркази очилиши ҳақида ГФР ҳокимияти октябр ойи бошида эълон қилган эди — Германия ва Европанинг бошқа мамлакатларида бир неча ҳафта давомида дронлар билан боғлиқ ҳодисалар кескин кўпайганидан сўнг. Улар аэропортлар ва муҳим аҳамиятга эга объектлар устида кўринган, хусусан: Германия шимолидаги Кил шаҳрида, Швециянинг энг йирик ҳарбий-денгиз базаси жойлашган Карлскруна архипелагида, шунингдек Германия, Белгия, Норвегия ва бошқа мамлакатлардаги ҳарбий объектлар узра.
Учувчисиз аппаратлар пайдо бўлиши сабаб Копенҳаген, Ҳанновер, Франкфурт, Мюнхен ва Европанинг бошқа шаҳарлари аэропортларида авиақатновларни вақтинча тўхтатишга тўғри келган. Шу каби эпизодлар ва бошқа ўхшаш ҳолатлар фонида махсус хизматлар Россия Ғарбга қарши гибрид уруш олиб бораётганини билдирган.
Шу билан бирга, Европа устида дронларни учиришга Россия алоқадор эканини тасдиқловчи далиллар йўқ. РФ президенти Владимир Путин бундай айбловларни рад этган. У Европа шаҳарларида Россия дронлари учун нишонлар йўқ, деб таъкидлаган.
Мавзуга оид
11:40
Берлинда эркак Исроилга қарши шиори учун жаримага тортилди
13:16 / 13.12.2025
Зеленский Берлинда ЕИдаги иттифоқчилар билан музокараларни давом эттиради
10:16 / 03.11.2025
Берлин: Теракт тайёрлаганликда гумон қилинган суриялик қўлга олинди
13:04 / 01.11.2025