2025 йилнинг 12 декабр куни «Ўзбекнефтгаз» Американинг Ballard Partners компанияси билан «АҚШ ҳукумати олдида стратегик консалтинг ва манфаатларни ҳимоя қилиш (advocacy / lobbying) хизматларини амалга ошириш» бўйича шартнома имзолаган. Бунга Telegram’даги «Ревизор» канали эътибор қаратди.
Шартнома 5 йиллик муддатга тузилган. Келишув шартларига мувофиқ хизмат ҳақи ойига 83 минг 334 доллар этиб белгиланган. Тўлов ҳар чорак якунида (250 минг доллар) амалга оширилади.

Ballard Partners ҳақида
Ballard Partners 1998 йилда АҚШда рўйхатдан ўтган лобби компания, яъни ҳукумат ва сиёсий қарорлар даражасида мижозлар манфаатини ҳимоя қилиш, стратегик маслаҳат ва алоқаларни бошқариш хизматларини кўрсатади. Бош қароргоҳи Флоридада жойлашган. Шунингдек, Вашингтон Лос Анжелес, Бостон, Истанбул, Тел-Авив ва бошқа шаҳарларда идоралари бор.
Ballard Partners қуйидагиларни бажаради:
- Мижоз манфаатларини АҚШ ҳукумат органларида ҳимоя қилиш;
- Стратегик маслаҳатлар бериш ва сиёсий қарорлар билан боғлиқ йўл хариталарини тузиш;
- Ҳукумат сиёсати, қонунчилик жараёни ёки режаларига ижобий таъсир кўрсатиш алоқаларини бошқариш;
- Айрим ҳолатларда чет эл ҳукуматлари ёки бизнеслар учун FARA доирасида («Хорижий агентларни рўйхатдан ўтказиш тўғрисида»ги қонун) лобби хизматларини кўрсатиш.
Трамп билан яқинлик
Ballard Partners АҚШ оммавий ахборот воситалари ва таҳлилий манбаларда Трампга яқин эканлиги тез-тез тилга олинади. Хусусан, компания Трамп биринчи марта президентликка келишидан аввалги сайлов олди компаниясида сезиларли даражада катта маблағ тўплашда қатнашган. 2017 йилда Вашингтонда офис ҳам очади. Бу компания фаолиятининг стратегик жиҳатдан янги босқичга кўтарилиши сифатида баҳоланган. Бир неча собиқ Ballard Partners ходими кейинчалик Трамп маъмуриятида юқори лавозимларга ҳам тайинланади.










