Ўзбекистон | 17:49 / 03.11.2024
4796
2 дақиқада ўқилади

ЎзЛиДеП фермерлар фаолиятига ноқонуний аралашувни қоралаб, баёнот берди

Либерал-демократик партия Боёвут тумани ҳокими Дилфуза Уралова билан боғлиқ вазиятга салбий муносабат билдирди. Аввалроқ, у пахта теримида «планни» бажармаган фермерларни ҳақорат қилгани ҳақида хабар берилган эди.

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Боёвут тумани ҳокими Дилфуза Уралованинг пахта теримида «планни» бажармаган фермерларни ҳақорат қилгани ҳақидаги хабарга муносабат билдирди.

«Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда ҳудудларда айрим мансабдор шахслар томонидан тадбиркорлар, хусусан фермерларнинг фаолиятига аралашуви, уларга зўравонлик ишлатилиши ва мол-мулкларини тасарруф қилишга тўсқинлик қилиш ҳолатлари учрамоқда. Бу борада, партиямиз томонидан қатъий муносабатлар билдирилиб, депутатларимиз томонидан мутасадди идораларга депутатлик сўровлари киритилмоқда», дейилади ЎзЛиДеП баёнотида.

Таъкидланишича, бу каби ҳолатларнинг такрорланаётганлиги ЎзЛиДеП раҳбариятини хавотирга солмоқда.

«Жумладан, куни кеча Боёвут тумани ҳокимлиги мутасаддилари томонидан фермерларга зўравонлик ишлатилиши, ер участкаларини топшириш тўғрисида кўрсатма бериши ҳолатлари айрим мансабдорларнинг ноқонуний хатти-харакатларини кўрсатмоқда», дейилади баёнотда.

Қайд қилинишича, инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги, ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги, ҳеч зўравонликка, инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмаслиги, хусусий мулк дахлсизлиги, мулкдор ўз мол-мулкидан қонунда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари ҳамда суднинг қарорига асосланмаган ҳолда маҳрум этилиши мумкин эмаслиги қонунчиликда белгилаб қўйилган.

ЎзЛиДеП ҳудудларда фермерлар фаолиятига ноқонуний аралашув, уларга зўравонлик қилиш, мол-мулкларини эркин тасарруф этишга тўсқинлик қилиш ҳолатларини кескин қоралади, мансабдор шахсларни қонунларга риоя этишга, Бош прокуратурани бу борада қатъий назорат ўрнатишга чақирди.

Мавзуга оид