Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Гуляйполеда кўча жанглари: РФ бир суткада ўнлаб ҳужум уюштирди
“Жануб” гуруҳи мудофаа кучлари маълум қилишича, сўнгги бир сутка ичида РФ қўшинлари Гуляйполеда украин позицияларига қарийб йигирма марта ҳужум қилган. Улар маълумотига кўра, шаҳарнинг “салмоқли қисми” ҳануз украин ҳарбийлари назоратида қолмоқда.
Украинанинг Запорижжя вилоятидаги Гуляйполенинг бир қисми Россия Қуролли кучлари назоратида, шаҳардаги вазият эса “ҳақиқатан ҳам мураккаб”. Бу ҳақда якшанба, 28 декабр куни, Украина армиясининг оператив бирлашмаси бўлган “Жануб” гуруҳи мудофаа кучлари Telegram’да маълум қилди.
Украина ҳарбийларига кўра, РФ ҚК ҳужум ҳаракатларини фаол олиб бормоқда ва “мустаҳкамланиш” (эгалланган жойда ўрнашиб олиш) бўлинмаларини шакллантиришга уринмоқда. “Жануб” гуруҳи маълум қилишича, Россия қўшинлари “ҳам тирик куч, ҳам қурол-яроғда сезиларли устунликка” эга: улар камикадзе-дронлар ва артиллериядан фаол фойдаланмоқда, бошқарилмайдиган авиация ракеталари билан ҳаводан зарбалар бермоқда ҳамда авиабомбаларни қўлламоқда.
Хабарда айтилишича, ўтган сутка ичида РФ қўшинлари шаҳарда Украина позицияларига қарийб йигирма марта ҳужум уюштирган, кўчаларда шиддатли жанглар кетмоқда. Шу билан бирга, “Гуляйполенинг салмоқли қисмини Украина мудофаа кучлари ҳануз ушлаб турибди”, дея таъкидланади оператив бирлашма баёнотида.
Украина армияси баҳолашича, 28 декабр куни Россия армияси Гуляйполеда 300 нафардан зиёд шахсий таркибини ва олтмишга яқин техника ҳамда қурол-яроғни йўқотган.
“Жануб” гуруҳига кўра, Украина Запорижжя вилоятидаги Степногорскда ҳам мудофаа ҳаракатларини давом эттирмоқда. Россия ҳарбийлари асосий йўл орқали посёлкага киришга уринмоқда, аммо аҳоли пунктининг бир қисми ҳали ҳам украин ҳимоячилари назоратида қолмоқда, дейилади хабарда.
Украина мудофаа кучлари таъкидлашича, РФ президенти Владимир Путиннинг баёнотлари ва РФ ҚК бош штаби бошлиғи Валерий Герасимовнинг Гуляйполе ҳамда Степногорск ҳақидаги ҳисоботлари “Купянскдаги вазият”ни эслатади.
Бундан бир кун олдин Украина Қуролли кучлари бош штаби вакиллари Кремлнинг Запорижжя вилоятидаги Гуляйполени ва Донецк вилоятидаги Мирнохрадни эгаллагани ҳақидаги даъволари фактлар билан тасдиқланмаслигини билдирган.
Украина армияси, шунингдек, Донецк вилоятидаги Константиновканинг ярмини назоратга олгани ҳақидаги РФ иддаоларини ҳам “уйдирма” деб атаган. Бундан ташқари, Украина ҚК Покровск (Донецк вилояти) мудофааси 17 ойдан бери давом этаётгани, РФ қўшинлари у ерда “сезиларли йўқотишлар” кўраётганини таъкидлади.
Украина бош штаби баҳосига кўра, “россияликларнинг ёлғони” аввало “хорижий шериклар”га қаратилган бўлиб, “айнан тинчлик музокаралари вақтида кескин фаоллашган”.
Кремл матбуот хизмати 27 декабр куни хабар қилишича, Герасимов Путинга бирлашган қўшинлар гуруҳи бошқарув пунктида берган ҳисоботида, жумладан, Россия қўшинлари Мирнохрад шаҳрини (Герасимов шаҳарнинг аввалги номи — Димитровни ишлатган) ва Гуляйполени эгаллаганини айтган.
Мавзуга оид
18:53 / 10.06.2026
Қозоғистон Россия газининг Ўзбекистонга транзитини оширишга тайёрлигини маълум қилди
16:47 / 10.06.2026
Украина «Фламинго» ракеталари билан Чебоксарга зарба берди
10:00 / 10.06.2026
Германия Украина учун яна 300 миллион евро ажратади
10:25 / 09.06.2026