Жаҳон | 15:30 / 02.01.2026
3853
2 дақиқада ўқилади

Украина дронлари Россиядаги нефт базаси ва НҚЗга ҳужум қилди

Маҳаллий ҳокимиятлар хабар беришича, дрон зарбаларидан сўнг корхоналарда ёнғин чиққан. Ҳужумлар оқибатида ҳеч ким жабр кўрмаган. Украина Бош штабига кўра, нефт омбори ва завод Россия ҚКни таъминлашда ишлатилган.

Фото: Veniamin Kondratyev/Telegram/AP Photo/picture alliance

Украина Қуролли кучлари 1 январ тонгида Татаристоннинг Алметевск шаҳридаги “Татнефть”га тегишли ёнилғи/нефт сақлаш иншоотига дронлар билан зарба берди. Ушбу саноат объекти ҳудуднинг шимолий конларидан олинадиган нефтни йиғиш ва сақлаш учун фойдаланилади.

Алметевск тумани раҳбари Гюзел Хабутдинова сўзларига кўра, ҳужумдан кейин резервуарлар ҳудудида ёнғин бошланган — у бир неча соатдан сўнг ўчирилган. Маҳаллий ҳокимиятлар маълум қилишича, дрон (учувчисиз аппарат)лар рейди оқибатида ҳеч ким жабр кўрмаган.

1 январ кечаси Украинанинг ҳужумкор дронлари Краснодар ўлкасидаги Илский нефтни қайта ишлаш заводи (НҚЗ)га ҳужум қилди. Дрон парчалари корхона ҳудудига тушиши натижасида ёнғин чиққан ва маҳаллий ҳокимиятлар баёнотига кўра, у тонггача ўчирилган.

НҚЗ “Кубань нефтегаз компанияси”га тегишли бўлиб, Россия жанубидаги энг йирик нефт қайта ишлаш заводларидан бири ҳисобланади. Завод аввал ҳам бир неча бор Украина дронлари учун нишон бўлган. Украина Бош штаби корхона “Россия Қуролли кучларини таъминлашга жалб этилган”ини таъкидлаган.

Украина ҳарбийлари Татаристондаги ёнилғи омбори ва Краснодар ўлкасидаги НҚЗга берилган зарбаларни тасдиқлаган.

РФ Мудофаа вазирлиги эса 1 январ кечасида ҲҲМ кучлари 168 та Украина дронини уриб туширганини маълум қилди, шулардан 25 таси — Краснодар ўлкаси устида, еттитаси — Калуга вилояти устида. Вазирлик Алметевскдаги “Татнефть” объектига зарба берилгани ҳақида маълум қилмаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид