Венесуэла раҳбари Николас Мадуро ағдарилганидан кейин мамлакатни АҚШ томонидан бошқаришда ҳал қилувчи маъмурий ролни АҚШ Давлат департаменти раҳбари Марко Рубио ўз зиммасига олади. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги якшанба, 4 январ куни АҚШдаги номи айтилмаган манбага таяниб хабар берди. Давлат котиби — кубалик муҳожирлар оиласида Майамида туғилган, асли келиб чиқиши кубалик бўлган америкалик.
Bloomberg аниқлаштиришича, АҚШ президенти Доналд Трамп Венесуэланинг нефт соҳасига катта эътибор қаратаётганини айтган, Америка нефт компаниялари эса мамлакатда нефт инфратузилмасини тиклаш учун “миллиардлаб доллар” сарфлайди. Номи айтилмаган юқори лавозимли америкалик амалдор The Wall Street Journal газетасига маълум қилишича, ҳозирда Трамп жамоаси — давлат котиби Марко Рубио, ички хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Стивен Миллер ва мудофаа вазири Пит Ҳегсет таркибида Венесуэлани бошқариш тузилмаси устида ишламоқда.
Венесуэла Олий суди мамлакатнинг собиқ ижрочи вице-президенти Делси Родригесни вақтинча президент этиб тайинлади. Судя сўзларига кўра, “қарор 2026 йил 3 январ куни Венесуэла Боливар Республикасига қарши содир этилган хорижий ҳарбий тажовуз муносабати билан қабул қилинган, бу тажовузнинг мақсади конституциявий президент Николас Мадуро Моросни ўғирлаб кетиш бўлган”. Баёнотда таъкидланишича, янги тайинлов форс-мажор шароитида давлат тизимларининг иши “маъмурий узлуксизлиги”ни ва “миллат мудофааси”ни таъминлаш учун зарур.
Dpa агентлиги хабар беришича, Родригес давлат раҳбари лавозимини эгаллашга тайёрлигини билдирган. Аммо тегишли баёнотдан кейин у Мадурога содиқлигини намоён этган. “Бу мамлакатда фақат битта президент бор, унинг исми — Николас Мадуро Морос”, — деган Родригес вазирлар ва ҳарбийлар қуршовида Миллий мудофаа кенгаши мажлисида.
Бу тайинлов ҳақида Доналд Трамп шундай деди: агар Делси Родригес “биз истаган ишни қилса”, Венесуэлада АҚШ ҳарбий иштироки керак бўлмайди. Оқ уй раҳбари матбуот анжуманида АҚШ Венесуэлани ҳокимиятнинг “хавфсиз” ва “тўғри” ўтиш жараёнига қадар бошқаришини билдирди. Шу билан бирга, у Венесуэла мухолифати етакчиларидан бири, Тинчлик бўйича Нобел мукофоти соҳиби Мария Корина Мачадонинг келажакдаги бошқарувда иштирок этиши бўйича номзодини рад этди.
АҚШ армияси 2026 йил 3 январга ўтар кечаси Венесуэла пойтахти Каракасга зарбалар берган. АҚШ президенти Доналд Трамп айтишича, Венесуэла раҳбари Николас Мадуро ва унинг рафиқаси Силия Флорес “Делта” махсус бўлинмаси томонидан қўлга олинган ва мамлакатдан олиб чиқиб кетилган: аввал АҚШ Денгиз кучларининг Гуантанамодаги базасига, кейин эса Ню-Йоркка етказилган.

















