Жаҳон | 17:03 / 05.01.2026
15781
3 дақиқада ўқилади

ОАВ: Али Хоминаийда Москвага қочиш режаси бор

Агар мамлакатда намойишлар кучаядиган бўлса, Эрон олий раҳбари учун «Б режа» ишлаб чиқилган.

Фото: Getty Images

Эрондаги намойишлар кучайса ва ҳукумат буни бостира олмаса, мамлакат олий раҳбари Али Хоминаий учун захира режаси бор – у Москвага қочиши мумкин, деб ёзади Британиянинг The Times газетаси ўз ихтиёрига келиб тушган разведка ҳисоботига таяниб.

Ҳужжатга кўра, эвакуация режаси агар Хоминаий армия ва хавфсизлик кучлари дезертирлик қилаётгани, намойишчилар томонга ўтаётгани ёки буйруқларни бажармаётганини кўрса, 86 ёшли Хоминаий энг яқин ёрдамчилари ва оила аъзоларидан иборат 20 киши билан Теҳрондан қочишини назарда тутади.

«„Б режа“ Хоминаий ва унинг яқин кишилари, жумладан, унинг ўғли ва эҳтимолий вориси Мужтабо учун тузилган», – деган газета манбаси.

Исроил разведкаси собиқ ходими, асли эронлик бўлган Бени Сабти Хоминаий бу ҳолатда Москвага қочиши, чунки «унинг учун бошқа жой йўқлиги»ни айтган. Бундан ташқари, Сабтининг сўзларига кўра, оятуллоҳ «Путинни ёқтиради, Эрон маданияти эса кўп жиҳатдан русларникига ўхшаш».

Ушбу режа «хавфсиз кетишни таъминлаш учун хориждаги активлар, кўчмас мулк ва нақд пул йиғиш»ни ҳам ўз ичига олади.

Нашр маълумотларига кўра, Хоминаий ўтган йил ёзида Исроил билан бўлиб ўтган «12 кунлик уруш»дан кейин «ҳам ақлан, ҳам жисмонан заифлашган». Ўша кунларда оятуллоҳ бункерда яширинган ва деярли омма олдида кўриниш бермаган, эътиборли жиҳати, шу кунларда мамлакатда бўлиб ўтаётган кенг кўламли намойишлар пайтида ҳам «омма қаршисига чиқмаяпти».

Британия разведкаси Хоминаийни «параноик» деб ҳисоблайди ва айнан шу феъл-атвори Хоминаийни Москвага қочиш режасини тузишга ундагани айтилади. «Бир томондан, у жуда мафкуравий мотивацияга эга, лекин бошқа томондан – ўз қарашларида прагматик: у узоқ муддатли мақсад учун тактик муросани кўради. У келажакни ўйлайди», – дейилади махсус хизматлар баҳосида.

  • Эронда декабр ойи охирида миллий валюта кескин қадрсизланиши ва юқори инфляция туфайли кенг кўламли намойишлар бошланди. Намойишчиларда оятуллоҳни ағдариш ҳамда ислом республикаси ички ва ташқи сиёсатини қайта кўриб чиқиш ҳақидаги шиорлар ҳам янграмоқда. Кучишлатар тузилмалар намойишларни бостириш учун ўқотар қуроллар, кўздан ёз оқизувчи газлар ва сувпуркагичларни қўллашни бошлаган.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид