Венесуэлани 13 йил бошқарган Николас Мадуро 2026 йилнинг илк кунларида америкалик ҳарбийлар томонидан ўғирлаб кетилди. У ва рафиқаси бир қанча оғир айблар билан Ню Йоркда судланмоқда. Kun.uz 64 ёшли Мадуронинг ҳаёт йўли ва АҚШ билан зиддиятига сабаб бўлган омиллар ҳақида ҳикоя қилади.

Мадуронинг сиёсатга кириб келиши

Николас 1962 йилда ишчи оиласида туғилган. Унинг отаси касаба уюшмаси фаоли эди, айнан шу омил Мадуронинг сиёсий майдонга кириб келишида муҳим рол ўйнайди. У олий маълумотга эга эмас, яъни университетда ўқимаган. Ёшлигида бир муддат автобус ҳайдовчиси бўлиб ишлаган; кейинчалик 1983 йилги сайловолди кампанияси пайтида машҳур венесуэлалик сиёсатчи Хосе Висенте Рангелга тансоқчилик қилган. 1990-йилларда Мадуро Кубага йўл олади. Ўша даврда Куба – Лотин Америкасидаги сўл қанот етакчиларини мафкуравий ва сиёсий тайёрлаш маркази эди.

Николас ватанига қайтгач, Уго Чавес асос солган сўл қанот Бешинчи Республика Ҳаракатига қўшилади. 1999 йилда Чавес ҳокимиятни эгаллагач, Мадуро ҳам мансаб пиллапояларидан жуда тез кўтарила бошлайди. Дастлаб депутат бўлади, 2006 йилда эса парламент раиси лавозимини эгаллайди. Кейинчалик Чавес уни ташқи ишлар вазири лавозимига ўтказади.

Уго Чавес ва Николас Мадуро. Фото: Avn/ Xinhua/ Global Look Press

Мадуро ташқи ишлар вазири сифатида Чавеснинг яқин иттифоқчиси ва ишончли сафдоши сифатида танилди ва бу лавозимда 6 йил ишлади. 2012 йилда эса вице-президент бўлди. Ўша йили саратон касаллигидан даволанаётган Чавес уни ўз вориси деб эълон қилади ва халқдан уни қўллаб-қувватлашни сўрайди. 2013 йил мартда Уго Чавес вафот этди ва орадан бир ой ўтиб Венесуэлада навбатдан ташқари президентлик сайлови ўтказилди.

Сайловда Мадуро Чавеснинг сиёсий меросхўри сифатида, Энрике Каприлес бошчилигидаги мухолифат номзодига қарши кураш олиб борди. Сайлов натижалари Мадуро жуда оз фарқ билан ғалаба қозонганини кўрсатди: расмий рақамларга кўра, у 50,6 фоиз, рақиби Каприлес эса 49,1 фоиз овоз тўплайди. Атиги 1,5 фоизлик тафовут президентлик курсисини ҳал қилади. Бироқ бу натижа мухолифат томонидан шубҳа остига олинади. Шу сабабдан ҳам сайлов натижасининг сохталаштирилгани ҳақида миш-мишлар болалай бошлайди. Каприлес тарафдорлари жиддий ижтимоий-иқтисодий муаммолар, шунингдек, “ХХI аср социализми”дан чарчоқ ҳақида тинмай гапиришарди.