Силия Флорес 1956 йилда, Венесуэла пойтахти Каракасдан 200 км ғарброқда жойлашган Тинакилио шаҳрида туғилган. У тўрт ёшдалигида оила Каракасга кўчиб келган. Улар шаҳар ғарбида аҳоли зич жойлашган Катия ва Бокероне туманларида яшашган.
Силия 32 ёшида хусусий Санта-Мария университетини тамомлаб, жиноий ва меҳнат ҳуқуқлари соҳасига ихтисослашган ҳуқуқшуносга айланади. Унинг ҳаёти 1992 йилда тубдан ўзгариб кетади. Ўшанда Венесуэла армияси подполковниги ва Боливар инқилобий ҳаракати (MBR-200) армия бўлинмаси раҳбари Уго Чавес президент Карлос Андрес Пересга қарши муваффақиятсиз давлат тўнтариши уюштиради. Флорес эса 1992–1994 йилларда уни судда ҳимоя қилган жамоа таркибида ишлайди.

Флорес Чавесни озод этиш талаб қилиб ўтказилган митингида MBR-200 фаоли Николас Мадуро билан танишиб қолган. Ўшанда у оилали, уч нафар фарзанди бор эди. Кўп ўтмай у ажрашади, собиқ турмуш ўртоғи Валтер Рамон Гавидиа билан дўстона муносабатларни сақлаб қолади ва Мадуро билан учрашишни бошлайди.
Чавес ва унинг сафдошлари 1994 йилда амнистия билан озод этилади ва оммавий сиёсий ҳаракат тузишади. Флорес ҳам, Мадуро бу ҳаракатда етакчи ўринларда бўлишади. 1998 йилда Чавес президентликка сайланганидан кейин турли муҳим лавозимларда ишлашади, 2000 йилги сайловлардан кейин парламент депутатларига айланишади. 2005 йилда Мадуро спикер бўлади. Бир йил ўтиб Чавес уни ташқи ишлар вазири этиб тайинлайди, спикер лавозимини эса Флорес эгаллайди ва мамлакат тарихида парламент раҳбарлигига келган биринчи аёл бўлади.

Чавеснинг жанговар сафдошининг бу лавозимдаги фаолияти можароларсиз кечмаган. Масалан, у парламент йиғилишлари залига ОАВ вакиллари киришини тақиқлаган ва бу тақиқ 2016 йил январигача ўз кучида қолади, фақат навбатдаги парламент сайловларидан кейин Миллий ассамблея устидан назоратни қўлга киритган мухолифат томонидан бекор қилинади.
Флорес непотизмда ҳам айбланган: маҳаллий касаба-уюшмаларига кўра, у парламент аппаратига ўзига яқин бўлган 40 га яқин кишини ишга олган, улар орасида тўрт нафар ака-укалари, икки амакиваччаси ва яна икки қариндоши, шунингдек, собиқ турмуш ўртоғи бўлган. 2009 йилда Флорес Венесуэла Бирлашган социалистик партияси раҳбари ўринбосари лавозимини эгаллайди (партия раҳбари Чавес эди). 2012 йилда Мадуро мамлакат вице-президентига айланади, Флорес – бош прокурор бўлади.













