Ўзбекистон | 08:30 / 09.01.2026
2309
2 дақиқада ўқилади

Нотариал ҳаракатларни онлайн тасдиқлаш тартиби расман йўлга қўйилди

Адлия вазирлигида “Нотариал ҳаракатларни видео-конференц-алоқа режими орқали амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги низом давлат рўйхатидан ўтказилди.

Фото: notariat.ru

Низомга кўра, нотариуслар жисмоний ёки юридик шахс вакили нотариал идорага келмаган ҳолатларда нотариал ҳаракатларни масофадан — видеоконференцалоқа режими орқали амалга оширади. Бунда нотариал ҳаракатлар E-notarius.uz ахборот портали ҳамда Notarius автоматлаштирилган ахборот тизими орқали тасдиқланади.

Мурожаат қилувчи видео-конференц-алоқа орқали нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун электрон тармоқдан фойдаланиш шартлари билан танишиб, ўз розилигини тасдиқлайди. Шунингдек, электрон тармоқда тасдиқлаш сўралаётган нотариал ҳаракат номини аниқ кўрсатади ва зарур маълумотларни тўлдиради.

Нотариус мурожаат келиб тушган вақтдан бошлаб 1 иш кунида уни ўрганиб чиқади ҳамда камчиликлар мавжуд ёки йўқлиги тўғрисида хабарнома юборади.

Нотариус билан шахсий мулоқот давомида нотариал ҳаракат тарафлари жойлашган жойда улардан бошқа шахслар бўлмаслиги, муҳит шовқиндан холи ва етарлича ёруғ бўлиши, видеотасвир эса тиниқ кўриниши шарт.

Нотариал ҳаракат лойиҳаси имзолаш учун тайёр бўлгандан сўнг нотариус тарафларга уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, амалга оширилаётган нотариал ҳаракатнинг мазмуни ҳамда оқибатларини тушунтиради.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид