Жаҳон | 09:44
916
4 дақиқада ўқилади

Кипр: маъмурият раҳбари ва президентнинг рафиқаси истеъфога чиқди

Кипрнинг юқори лавозимли амалдорлари иштирокидаги коррупция схемалари муҳокама қилинаётгани акс этган видеоёзув ижтимоий тармоқларда эълон қилингач, Кипр президенти маъмурияти раҳбари ҳамда мамлакат президентининг рафиқаси ўз лавозимларидан кетди.

Филиппа Карсера Фото: Karim Jaafar/AFP/Getty Images

Кипр президенти маъмурияти раҳбари Хараламбос Хараламбус истеъфо берди — сабаби, у иштирок этгани айтилaётган видеоёзув эълон қилинди ва унда, даъво қилинишича, мамлакатнинг бир неча юқори лавозимли мансабдорлари коррупциявий схемаларни муҳокама қилган. Шунингдек, мамлакат президенти Никос Христодулидиснинг рафиқаси Филиппа Карсера ҳам Ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича мустақил агентлик (AFKS)даги лавозимини тарк этди, деб хабар берди dpa агентлиги душанба, 12 январ кечқурун.

8 январ куни — Кипрнинг яқин олти ойга Европа Иттифоқи Кенгашига раисликни қабул қилиб олганидан роппа-роса бир ҳафта ўтиб X ижтимоий тармоғида шов-шувли видео пайдо бўлди. Унда Хараламбусдан ташқари оролнинг собиқ энергетика вазири Георгиос Лаккотрипис ва Cyfield қурилиш гуруҳи директори Георгиос Хрисоху ҳам кўринган. Суҳбат давомида Лаккотрипис президентлик сайлов кампанияси учун хайриялар миқдорининг қонун билан белгиланган юқори чегараси — тахминан бир миллион евро эканига ишора қилиб, шу сабаб номзодлар “нақд пулга боғлиқ” бўлиб қолишини тушунтиради. Айрим парчаларда, шунингдек, ЕИ санкцияларини четлаб ўтишда агрессив уруш олиб бораётган Россияга ёрдам бериш ҳақида ҳам тилга олинади.

Видео муаллифлари таъкидлашича, президентга пулларни хизматлар эвазига ва сўровларни тезлаштирилган тарзда кўриб чиқиш ҳисобига ўтказиш имконини берувчи схема мавжуд, деб ёзди Euractiv Европа янгиликлар сайти. Бундан ташқари, айтилишича, AFKS’га қилинган хайриялар ҳисобидан айрим инвесторлар президентга шахсий кириш (қабул) имкониятини олган. Нашр суҳбатлашган кипрлик экспертлардан бири Euractiv’га шундай деган: у эълон қилинган ролик остидаги постни таҳлил қилганда, матн эҳтимол турк клавиатурасида терилган бўлиши мумкинлиги кўринади, бироқ у бу иш терговни чалғитиш мақсадида ҳам қилинган бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Кипр ҳукумати ушбу видеороликни “ёмон ниятда қилинган монтаж натижаси” деб атади. Маълум қилинишича, Кипр махсус хизматлари видеонинг келиб чиқишини суриштирган ва бу ишда АҚШ ҳамда Исроилдан ёрдам сўраган. Маҳаллий ОАВга кўра, амалдорлар билан суҳбатни яширинча ёзиб олган шахслар ўзларини Нидерландиядан келган инвестиция бизнесменлари сифатида таништирган.

Ўз навбатида, оролнинг собиқ энергетика вазири Лаккотрипис полицияга туҳмат (бўҳтон) бўйича ариза берган. Президент маъмурияти раҳбари Хараламбус эса ўзини “президентга шахсан зарар етказиш, ҳукуматга қарши чиқиш ва мамлакат имижига путур етказишга қаратилган қасддан уринишлар” қурбони деб атади. “Мамлакатимизга барқарорлик керак бўлган шу пайтда, шаффофлик мақсадида истеъфони танлайман — менинг иштирокимдан миллий мақсадларимиз ва умумий саъй-ҳаракатларимизни издан чиқариш учун фойдаланишни давом эттирмасликлари учун”, — дейилади унинг баёнотида. Кипр президентининг рафиқаси ҳам худди шундай баёнотда ўзига қаратилган айбловларни “фейк янгиликлар парчалари ва бўҳтон изоҳлар сочилиши” деб атаган.

Европа Иттифоқи Кенгашида раислик қилаётган мамлакатдаги бу можаро май ойида бўлиб ўтадиган маҳаллий парламент сайловлари арафасида авж олди. Politico нашри ёзишича, Кипрдаги коалицион ҳукуматни қўллаб-қувватлаётган партиялар ўз қўлловини қайтариб олиш имкониятини кўриб чиқмоқда ва амалдаги ҳокимиятга қаратилган айбловлар бўйича тезкор тергов ўтказилишини талаб қилмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид