Жамият | 13:56
3222
2 дақиқада ўқилади

Пхукетда катер кема билан тўқнашиши оқибатида Ўзбекистон фуқаролари жароҳатланди

Ҳодиса 11 январ куни тезюрар катер балиқчилар кемаси билан тўқнашиши оқибатида рўй берган. Катерда Ўзбекистоннинг жами 3 фуқароси бўлган. Ҳодиса оқибатида Россиянинг 1 фуқароси ҳалок бўлиб, яна 23 нафар россиялик жароҳатланган.

Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати Таиланднинг Пхукет оролида катер ҳалокатга учраши оқибатида ўзбекистонликлар ҳам жабрлангани ҳақида тарқалган хабарлар юзасидан расмий маълумот берди

Ҳодиса 11 январ куни тезюрар катер Пхукетдан Пхи-Пхи оролига кетаётганида балиқчилар кемаси билан тўқнашиб кетиши оқибатида рўй берган. Катер саҳнида Ўзбекистондан ташқари Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон фуқаролари ҳам бўлишган.

Расмий маълумотга кўра, катерда Ўзбекистоннинг 3 нафар фуқароси бўлган. Ҳодиса оқибатида уларнинг 2 нафари енгил тан жароҳати олиб, маҳаллий шифохонага ётқизилган. Кейинчалик жабрланган фуқаролар тўлиқ соғайган ва белгиланган тартибда шифохонадан чиқарилган.

Шунингдек, жабрланганларнинг барча тиббий ва бошқа зарур харажатлари катерга эгалик қилувчи компаниянинг суғурта маблағлари ҳисобидан тўлиқ қоплаб берилгани маълум қилинди.

Қайд этилишича, ҳодиса юзасидан Ўзбекистоннинг Бангкок шаҳридаги Бош консулхонаси маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда соғлиқни сақлаш муассасалари билан доимий алоқада бўлиб келган.

Россиянинг Пхукетдаги бош консуллигига кўра, ҳодиса оқибатида Россиянинг 18 ёшли фуқароси ҳалок бўлган. Яна 23 нафар россиялик сайёҳ эса турли даражада тан жароҳати олган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид