Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ростов вилоятида тунги ҳужум: 4 киши, жумладан 4 ёшли бола яраланди
Маҳаллий губернатор хабарига кўра, Ростов вилоятида тунги ҳаво ҳужуми оқибатида тўрт киши, жумладан 4 ёшли бола яраланган. Ростов-Дон мэри эса кўп қаватли уйларда ёнғин чиққанини маълум қилди.
Ростов-Дон шаҳри ва Мясниковский туманида тўрт киши, жумладан 4 ёшли бола, ҳаво ҳужуми оқибатида яраланган. Бу ҳақда Ростов вилояти губернатори Юрий Слюсар 14 январ, чоршанбага ўтар кечаси Telegram’да хабар берди. Унинг айтишича, “жабрланганларнинг аҳволини шифокорлар ўрта оғирликда, деб баҳоламоқда”. Шунингдек, губернатор “дрон парчалари тушиши натижасида” номи айтилмаган саноат корхонасида ёнғин келиб чиққанини қўшимча қилди.
Ростов-Дон мэри Александр Скрябиннинг маълум қилишича, ҳаво ҳужуми туфайли шаҳарнинг кўп қаватли уйларидаги айрим хонадонларда ёнғин чиққан. Мэр Telegram’даги хабарида “саноат корхонаси биноларида ҳам ёнғин кузатилмоқда” дея қайд этган.
Россия Мудофаа вазирлиги навбатчи ҳаво мудофааси воситалари қўшиб олинган Қрим ҳудуди ва Россиянинг бешта минтақаси устида “самолёт туридаги” 48 та украин учувчисиз аппаратини уриб туширгани ҳақида ҳисобот берди. Улардан 25 таси Ростов вилоятида экани айтилган.
Украин мониторинг канали Exilenova+ маълумотларига кўра, Ростов-Дон шаҳрида дронлар “Эмпилс” заводи ҳудудидаги нефт маҳсулотлари сақланадиган резервуарларга зарба берган. “Олов кучаяётгани хабар қилинмоқда. Россия ҳаво мудофааси ҳам уйлар томон, ҳам резервуарлар томон ишлаяпти”, — деб ёзган канал ва воқеа жойидан фото ҳамда видеоларни Telegram’да эълон қилган.
Украина Қуролли кучлари Бош штаби хабар чоп этилган вақтгача Ростов вилоятидаги воқеаларни изоҳламаган.
14 январ тунги вақтда Россия дронларининг Кривий Риг шаҳрига оммавий ҳужуми оқибатида 45 мингдан ортиқ абонент электр таъминотисиз, 700 дан ортиқ уй эса иссиқлик таъминотисиз қолган. Бу ҳақда шаҳар мудофаа кенгаши раҳбари Александр Вилкул Telegram’да хабар берди. Украина Ҳаво кучлари маълумотига кўра, Кривий Риг Shahed туридаги дронлар билан кучли ҳужумга учраган.