Таълим | 13:32
496
2 дақиқада ўқилади

Хорижий тил ўқитувчиларига сертификат олиш учун қўшимча вақт берилмоқда

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги хорижий тил ўқитувчилари учун B2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро сертификат талаби сақланишини, бироқ сертификатга эга бўлмаган педагогларга 2026–2027 ўқув йили бошлангунига қадар муддат берилишини маълум қилди.

Фото: yoshlarovozi.uz

Айни кунларда умумтаълим мактабларида тегишли тил сертификатига эга бўлмаган хорижий тил фани ўқитувчиларининг кейинги меҳнат фаолияти билан боғлиқ масала жамоатчилик эътиборида турибди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 майдаги тегишли қарорига мувофиқ, умумий ўрта таълим муассасаларида хорижий тил ўқитувчилари камида B2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлиши талаб этилади. Дастлаб 2024–2025 ўқув йилига қадар белгиланган ушбу талаб муддати педагоглар ва жамоатчилик мурожаатлари асосида бир неча бор узайтириб келинган.

Шу билан бирга, Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг тегишли буйруғи билан хорижий тил фани ўқитувчиларининг лавозим малака тавсифларига B2 даражадаги сертификат талаби асосий шарт сифатида киритилгани таъкидланди.

Вазирлик маълумотига кўра, сертификат имтиҳонларига тайёргарлик кўришда кўмаклашиш мақсадида жойларда малакали мутахассислар иштирокида бепул онлайн ва офлайн ўқув машғулотлари ташкил этилган. Ушбу чоралар натижасида 2025 йилнинг сентябр–декабр ойлари давомида 5 минг нафардан ортиқ педагог тегишли тил сертификатларини қўлга киритгани қайд этилди. Ҳозирда эса 39 минг нафардан ортиқ хорижий тил ўқитувчилари сертификатга эга экани билдирилган.

Қайд этилишича, мазкур ўқув машғулотлари кейинги даврда ҳам давом эттирилади. Шунингдек, B2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро сертификатга эга бўлмаган педагогларга 2026–2027 ўқув йили бошлангунига қадар имконият берилиши маълум қилинди.

Вазирлик бу каби чоралар ўқувчиларнинг сифатли ва чуқур билим олишларини таъминлаш, шунингдек, уларнинг келгусида замонавий касбларни эгаллашлари учун муҳим эканини таъкидлади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид