Якшанба куни «Барселона» навбатдаги класикода «Реал»ни енгиб, Испания суперкубогини қўлга киритди. Саудия Арабистонида ўтган финалда «Барселона» кўп жиҳатдан устунлик қилди, лекин ҳисобда фақат бир тўп фарқи билан ғалаба қозонди.
Финалдан икки кун ўтиб «Реал» охирги йилларда Европада порлаб чиққан энг ёрқин мураббийлардан бири Хаби Алонсони ишдан бўшатди. Истеъфода асосий сабаб класикодаги мағлубият бўлмади, клуб Хабини ишдан бўшатгани ҳам йўқ. Мураббий майдон ташқарисида ва ўйин давомида захира ўриндиғида кузатилган ҳурматсизлик сабаб ўзи ариза ёзиб ишдан кетди...
Мбаппе йўқ – шоу йўқ
Шу куни «Реал» етакчиси Мбаппе асосий таркибда ўйнамагани «Барселона»ни кичик фаворитга айлантирди. Биринчи бўлимнинг асосий вақтини томоша қилган мухлислар «Реал» Мбаппега қанчалик боғланиб қолганини сезди. Мадрид бутун бўлим давомида деярли ҳеч нарса қила олмади. Лекин «Реал» ҳар қандай ҳолатда кучли жамоа, биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда аввал Винисиус супер гол урди, бўлимнинг охирги сонияларида Мбаппе ўрнига асосий таркибда тушаётган ёш ҳужумчи Гонсало Гарсия ҳисобни тенглаштирди. Унгача «Барса»дан Рафиня ва Левандовски гол урганди.
«Реал» энг асосий юлдузи майдонга тушмаган, ўйини чиқмаётган вақтда ҳам керакли голларни уриб, танаффусга енгилмай чиқиб кетди. Бу топ клубларга хос хусусият. Лекин иккинчи бўлимда барибир «Барселона» кучлилик қилди. Зўр ўйин ўтказган Рафиня ғалаба голини урди. Мбаппе тушгани ҳам «Реал»га ёрдам бермади. Француз шу куни жароҳат билан ўйнагани яққол сезилди, у айтарли имкониятга ҳам эга бўлмади.
Ўйиндан кейин...
«Реал» ва «Барселона» учун бир-бирига енгилиш жуда аламли, ҳар қандай турнирни тарк этишдан ҳам аламлироқ. Алонсо «Барселона»га шармандаларча ютқазгани йўқ, муаммолар гирдобидаги жамоа билан финалда муносиб курашди. Чемпионатдаги ўйинда Алонсо «Барселона»ни енгганди ҳам. Бир сўз билан айтганда, класикода Алонсони истеъфога чиқарадиган ўйин бўлмади.
Шундай бўлса-да, икки кун ўтиб Алонсо истеъфога чиққани эълон қилинди. Ҳатто Фабрисио Романо каби инсайдерлар ҳам билмай қолди Алонсо ишдан кетиши, истеъфо ҳақида ҳеч қандай миш-миш ҳам чиққани йўқ. Бу бир нарсадан дарак берарди: Алонсо ўзи ариза ёзиб ишдан кетган. «Реал» расмий сайтида эълон қилинган баёнотда ҳам мураббий ўз ихтиёри билан ишдан кетганига урғу берилганди. Кейинроқ клуб директори Эмилио Бутрагенио раҳбарият Алонсони ишдан бўшатмагани, мураббий ўзи ариза ёзганини тасдиқлади.













