Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкентда хотинини тўйга юбормаслик учун ертўлага қамаб қўйган собиқ ҳарбий 3 йилга қамалди
41 ёшли эркак турмуш ўртоғини сув ва егулик бермаган ҳолда бир сутка зах ертўлада ушлаб турган. Суд нафақадаги ҳарбийни оилавий зўравонлик ҳамда зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш жиноятларини содир қилишда айбли деб топди. Эркакка қўлланган эҳтиёт чораси ўзгартирилиб, у суд залида қамоққа олинди.
Фото: iStock
Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида яшовчи собиқ ҳарбий турмуш ўртоғига зўравонлик қилгани учун жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.
Суд ҳукмида келтирилишича, 1984 йилда туғилган О.Ш. ҳарбий соҳада фаолият олиб бориб, нафақага чиққан. У 2008 йилда С.Г. билан турмуш қурган.
Эркак 2025 йил 26 июл куни кечқурун турмуш ўртоғи С.Г.ни Самарқанддаги қариндошларининг тўйига юбормаслик мақсадида ўзи яшайдиган кўп қаватли уй ертўласига қамаб қўйган. У аёлни бир сутка давомида зах ертўлада сув ва егуликсиз, жисмоний азоб берган ҳолда ушлаб турган. Шунингдек, эркак 2025 йил 31 август куни С.Г.ни дўппослаб, унга тан жароҳати етказган.
Собиқ ҳарбий судда айбига иқрорлик билдирган ҳамда турмуш ўртоғи унинг айтганини қилмасдан тўйга кетишга урингани учун шундай йўл тутганини маълум қилган.
“5-6 йилдан буён ҳар хил сабаблар туфайли тез-тез жанжаллашиб қоламиз. 2025 йил июл ойи ўрталарида акаси тўй қилаётганини, боришимиз кераклигини айтди. Унга пул йўқлигини, тўйга бориш учун тўёна ва бошқа харажатлар қилиш кераклигини айтиб, бормасликни маълум қилдим. Бироқ 2025 йил 26 июл куни мендан сўроқсиз уйдан чиқиб кетди. Уни Самарқанд вилоятига қатновчи автомашиналар тўхташ жойидан ушлаб олиб келдим. Яна қочиб кетишининг олдини олиш мақсадида кўп қаватли уй ертўласига бир суткага қамаб қўйдим. Ҳақиқатан ҳам унга бу вақт давомида сув ва егулик бермадим. Эртасига ертўладан ўзим олиб чиқиб, хонадонга киритдим”, деган эркак суддаги кўрсатмасида.
С.Г. ҳам судда 4 нафар фарзанди борлигини, турмуш ўртоғи оиладаги етишмовчиликда уни айблаб, калтаклайдиган одат чиқарганини билдирган.
“2025 йил июл ойи охирида акам қизини турмушга бериши муносабати билан тўй белгилади. Турмуш ўртоғим тўйга бормаслигини, пули йўқлигини маълум қилди. Пул ва тўёна керак эмаслигини, акамнинг уйида тўй бўлаётганини ва бормасам бўлмаслигини айтдим. Шунда у мени дўппослаб, ертўлага қамаб қўйди. Ертўла қоронғи бўлгани сабабли, турли ҳашаротлар, судралиб юрувчилар бўлиши мумкинлигини ўйлаб, қаттиқ қўрқдим. Эртаси куни ертўлани очиб, мени уйга олиб чиқди ҳамда мажбурлаб, ажрашишга ариза ёздириб олди. Аммо аризани нима қилганини билмайман”, деган аёл.
ЖИБ Яшнобод туман судининг 2025 йил 19 декабрдаги ҳукми билан О.Ш. Жиноят кодексининг 138-моддаси 2-қисми “а,б” бандлари (зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш жисмоний азоб бериб, ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли шароитда сақлаган ҳолда содир этилиши) ҳамда 126-1-моддаси (оилавий (маиший) зўравонлик) 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. Унга 3 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони манзил колонияларида ўташ белгиланган.
Собиқ ҳарбийга қўлланган “муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат” эҳтиёт чораси “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чорасига ўзгартирилган ва у дарҳол суд залида қамоққа олинган.