Жаҳон | 09:45 / 17.01.2026
2038
3 дақиқада ўқилади

Литва россиялик ва беларусликни Россия топшириғи билан теракт содир этишда айблади

Литвада олти нафар хорижликка, жумладан бир россиялик ва бир беларусликка Украина учун радиочастота сканерлари ишлаб чиқарган корхонани ёқиб юборишга уриниш бўйича айблов қўйилди.

Фото: AP

Литва Украинага ҳам етказиб берилган ҳарбий ускуналарни ишлаб чиқарадиган UAB TVC Solutions корхонасига ўт қўйишга уриниш билан боғлиқ иш бўйича олти нафар хорижий фуқарога, жумладан бир россиялик ва бир беларусликка нисбатан терроризм бўйича айблов қўйди. Бу ҳақда Литва бош прокуратураси ва криминал полициясининг жума куни, 16 январда эълон қилинган қўшма баёнотида айтилган.

Қайд этилишича, бошқа айбланувчилар — Испания, Колумбия, Куба фуқаролари, шунингдек Испания ва Колумбиянинг қўш фуқаролигига эга бир шахс. Тергов маълумотларига кўра, улар 2024 йилда Шяуляй шаҳрида жойлашган UAB TVC Solutions корхонасининг радиочастотали сканерлар ишлаб чиқариш цехини ёқиб юборишга уринган. Пресс-релизда: “Ҳужумга учраган мулкнинг умумий қиймати 4 миллион евродан ортиқ”, — деб кўрсатилган.

Тергов версиясига кўра, биринчи ўт қўйишга уриниш 2024 йил 17 сентябрга ўтар кечаси Испания фуқароси ва қўш фуқароликка эга шахс томонидан амалга оширилган, аммо у муваффақиятсиз якунланган — чунки жиноятчиларни йўловчилар қўрқитиб юборган. Иккинчи ўт қўйишга уринишни эса 2024 йил 22 сентябр куни Россия фуқароси ва Беларус фуқароси амалга оширган. Улар ҳужум муваффақиятли бўлди, деб ўйлаб, воқеа жойини тарк этган. Бироқ кейинроқ маълум бўлишича, зарар етмаган — чунки “ўт қўйишда қўлланган воситалар компания ҳовлисидаги омборда турган маҳсулотни ёқиб юбора олмаган”, деб хабар берди ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар.

Литва ҳокимияти тахмин қилишича, жиноятчилар РФ Қуролли кучлари Бош штаби Бош бошқармаси топшириғи билан ҳаракат қилган — бу Россия ҳарбий разведкаси бўлиб, аввалроқ ГРУ номи билан танилган. Германиянинг иқтисодий нашри Handelsblatt ўз сайтида Литва полицияси раҳбарияти вакили Саулюс Бригинаснинг сўзларини келтириб: “Жиноятни Россияда яшовчи, ГРУ билан боғлиқ шахслар мувофиқлаштирган”, — деб ёзади.

Барча айбланувчиларни Полша, Руминия ва Чехияда содир бўлган шунга ўхшаш ҳужумларга ҳам алоқадор деб ҳисоблашмоқда. Айни пайтда улар Литвада терговга қадар ҳибсхоналарда сақланмоқда. Шу билан бирга, тергов яна тўрт нафар гумонланувчига нисбатан ҳам олиб борилмоқда. Улардан бири халқаро қамоққа олиш ордери асосида Колумбияда қўлга олинган. Қолганлари эса қидирувда.

Литва ҳокимияти фикрича, жиноий гуруҳнинг мақсади “жамиятни қўрқитиш, Россия ҳужумидан ҳимояланаётган Украинага ёрдам кўрсатишга тўсқинлик қилиш ва уни тўхтатиш, шунингдек Ғарб мамлакатлари жамиятларида қўрқув ва ишончсизликни кучайтириш, энг муҳим давлатларнинг конституцион, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий тузилмаларини издан чиқариш” бўлган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид