Жаҳон | 13:33
579
3 дақиқада ўқилади

Страсбургда фермерлар ЕИнинг Меркосур билан келишувига қарши чиқди

Европарламент биноси олдида Франция, Германия, Белгия ва Италиядан келган фермерлар норозилик акцияси ўтказмоқда. Улар ЕИ билан Жанубий Американинг Меркосур блоги давлатлари ўртасидаги савдо келишувини имзолашдан воз кечишни талаб қилмоқда.

Фото: Nicolas Tucat/AFP/Getty Images

Сешанба, 20 январ куни эрталаб Франциянинг Страсбург шаҳрида фермерлар Жанубий Американинг Меркосур (Mercosur) блоги мамлакатлари билан эркин савдо келишуви тузилишига қарши норозилик акцияларини бошлади. AFP агентлиги қайд этишича, аграрийлар чоршанба куни ушбу ҳужжатни маъқуллаш бўйича белгиланган овоз бериш олдидан Европарламент депутатларига босим ўтказмоқчи.

Франция фермерлар касаба уюшмаси FNSEA Страсбургда турли ЕИ мамлакатларидан тахминан 4000 нафар фермер ва 700 тагача трактор тўпланишини кутган. ОАВ маълумотларига кўра, акцияда фақат франциялик фермерлар эмас, балки Германия, Белгия ва Италиядан келганлар ҳам иштирок этмоқда. Норозиликлар сабабли полиция Страсбургдаги Европарламент биносини тўсиқлар билан ўраб қўйган. Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчилар сув сепувчи машиналарни ҳам шай ҳолатда ушлаб турибди.

9 январ куни, 25 йиллик музокаралардан сўнг, Брюсселда бўлиб ўтган ЕИ давлатлари вакиллари учрашуви қатнашчиларининг кўпчилиги ЕИ билан Меркосур бирлашмаси ўртасида эркин савдо келишувини қўллаб-қувватлади. Меркосур таркибига Бразилия, Аргентина, Уругвай ва Парагвай киради. Ҳужжатни имзолаш маросими 17 январ куни Парагвай пойтахти Асунсон шаҳрида бўлиб ўтди. ЕИ номидан имзолашда Европа кенгаши раиси Антониу Кошта ва Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен иштирок этди.

Бу — ЕИ тарихидаги энг йирик савдо келишуви. Брюсселда умид қилишича, у ЕИдан Жанубий Америкага товарлар экспортини йилига 39 фоизга (тахминан 49 млрд евро) оширади ва шу тариқа бутун Европа бўйлаб 440 мингдан ортиқ иш ўрнини қўллаб-қувватлайди. Бундан ташқари, Европа компаниялари экспорт божларидан йилига тахминан 4 млрд евро тежаши мумкин. ЕИ учун энг катта имкониятлар, асосан, автомобилсозлик, машинасозлик ва фармацевтика соҳаларида пайдо бўлиши айтилмоқда. Меркосур мамлакатларининг асосий экспорт товарлари эса — табиий хомашё ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари.

Келишув кучга кириши учун уни ҳали Европарламент ҳам маъқуллаши керак. Хабар қилинишича, ЕП депутатларининг бир гуруҳи келишувнинг кучга киришини тўхтатиб туриш учун ЕИ судига мурожаат йўллашни режалаштирмоқда.

Европада ишлаб чиқариш стандартларига ҳар доим ҳам мос келавермайдиган ва арзон бўлиши мумкин бўлган товарлар билан рақобатдан хавотирланиб, ЕИдаги қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари келишувни имзолаш ҳақидаги қарорни кескин танқид қилмоқда. 9 январ куни шунга ўхшаш норозиликлар Полша, Франция ва Белгияда ҳам ўтган.

Эртаси куни Ирландияда ҳам фермерларнинг ўхшаш акцияси бўлиб ўтди. Норозилар тракторларида Атлон шаҳрига йиғилган, тракторларга эса қуйидаги ёзувлар туширилган шитлар қотирилган: “Mercosur’га йўқ”, “Ирландия фермерларини қўллаб-қувватланг” ва “Немис автомобиллари учун оилавий фермер хўжаликларини қурбон қилманг”.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид