Россия қўшини 20 январга ўтар кечаси навбатдаги марта Украинадаги энергетик инфратузилмасини ўққа тутди. Украина қуролли кучлари ҳаво кучлари маълумотига кўра, жами 339 та зарбдор дронлар, «Искандер-М» русумли 18 та баллистик ракета, X-101 русумли 15 та қанотли ракета ҳамда кемаларга қарши қўлланувчи битта «Циркон» ракетаси учирилган. Ракеталардан бештаси ҳамда 24 та дрон нишонга етиб борган, қолганлари уриб туширилган.
Зарбаларнинг асосий йўналиши Киев шаҳри бўлган. Шаҳар мэри Виталий Кличко тонгда ҳужумлар туфайли 5635 та кўп қаватли уй (бу шаҳардаги кўп қаватли уйларнинг ярмидан кўпроқ) иссиқлик таъминотидан узилганини маълум қилди. Киевда ҳозирда кучли совуқ кузатилмоқда, тунда ҳарорат –10 даражадан пастга тушмоқда.
Бу январ ойи бошидан буён Киевнинг ярми иссиқлик таъминотисиз қолиши билан боғлиқ иккинчи ҳолатдир – шунга ўхшаш вазият 9 январ кунги ҳужумдан кейин юзага келганди. Россия қўшини шаҳар маъмурияти иссиқлик таъминотини деярли тўлиқ тиклаши билан навбатдаги зарбани бермоқда.
Киевда электр энергиясини ҳам фавқулодда ўчириш ҳолатлари давом этмоқда. ДТЭК маълумотига кўра, Украина пойтахтида 173 минг киши электр таъминотидан маҳрум ҳолда яшашига тўғри келмоқда.
Киевнинг чап соҳил қисмида 3500 га яқин уй аҳолиси сув таъминотисиз ҳам қолган, деб хабар берди бош вазир ўринбосари Алексей Кулеба. Расмийлар яқин вақтлар ичида ичимлик сув таъминотини тиклашни режалаштирган.
Электр таъминотидаги муаммолар туфайли Киев метроси бугун узилишлар билан ишлаган: хусусан, Днипро дарёсининг чап ва ўнг соҳиллари ўртасида поездлар 20-25 дақиқа оралиғи билан қатнамоқда, бир қанча бекатлар тўлиқ ёпилган.
Киевдан ташқари, тунда Киев, Винница, Днипропетровск, Одесса, Запорижжя, Полтава ва Суми областлари ҳам зарбалар остида қолган. Бу регионларнинг аксарида электрни авариявий ўчириш графиклари амал қилмоқда.

Yan Dobronosov / Global Images Ukraine / Getty Images

Sergei SUPINSKY / AFP / Scunpi[/ LETA
Тинчлик музокаралари
19 январ куни бошланган ва жумагача давом этадиган Давосдаги Жаҳон иқтисодий форумида Володимир Зеленский ва Доналд Трамп ўртасида учрашув бўлиб ўтиши ҳозиргача аниқ эмас.













