Германиялик ҳарбийларнинг Гренландияни тарк этиши НАТО ичидаги муносабатлар қанчалик мустаҳкам экани ҳақидаги саволларни кучайтирди. Трамп омили сабаб алянс ичида сиёсий позициялар тобора фарқланиб, АҚШнинг кескин ташқи сиёсати Европа давлатларини мураккаб танловлар олдида қолдирмоқда. Kun.uz’нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсатшунослар АҚШ ва иттифоқчиларининг алянс доирасидаги муносабатлари хусусида сўз юритди.

Германиялик ҳарбийларнинг Гренландияни тарк этиши НАТО ичидаги бирдамлик йўқлигини англатадими?

Камолиддин Раббимов: НАТО таркибида доим турли позициядаги давлатлар бўлган ва бу ҳолат ҳозир ҳам сақланиб қолмоқда. Масалан, Туркияда Эрдўған ҳокимиятга келганидан сўнг мамлакатнинг ташқи сиёсий ёндашуви сезиларли даражада ўзгарди. Мусулмон давлати сифатида у кўплаб масалаларда Ғарбий блокдан фарқли позиция тутмоқда. Худди шунингдек, бугун Венгрия бош вазири Виктор Орбан ҳам Россиядан арзон газ ва нефт олиш масаласида НАТО ичида кўпинча муросасиз позиция эгаллайди. У аксарият ҳолларда ҳаммага қарши чиқиб, охир-оқибат вето ҳуқуқидан савдолашув воситаси сифатида фойдаланади ва маълум имтиёзларга эришгач, қарорини ўзгартиради.

Бироқ ҳозирги вазият аввалгиларидан тубдан фарқ қилади. НАТО тарихида илк бор алянс ичидаги энг асосий давлат АҚШнинг ўзи тизимни ичкаридан ларзага солмоқда. Таъсир даражаси жиҳатидан АҚШ НАТОда камида 70 фоизлик улушга эга. Қолган давлатлар Буюк Британия, Франция, Германия, Канада ва бошқалар жамланганда ҳам қолган 30 фоизни ташкил этади. Бунинг сабаби оддий: АҚШ глобал мудофаа харажатларининг қарийб 40 фоизини ўз зиммасига олади. Масалан, Афғонистон ва Ироқдаги урушлар даврида дунё бўйича ҳарбий харажатлар 1,5 триллион долларни ташкил этган бўлса, шундан 250 миллиард доллари фақат АҚШ ҳиссасига тўғри келган. Бу оддий мудофаа бюджети эмас, балки реал уруш харажатлари эди.

Бугун ҳам Доналд Трамп ижтимоий дастурлар ва халқаро ёрдамларни қисқартирган бўлса-да, Пентагон бюджетини оширди. Чунки у глобал қудратни айнан ҳарбий куч орқали ўлчайди. Натижада НАТО ичидаги давлатлар ҳозир нима қилишни ва қандай йўл тутишни билмай қолган. Энг аввало, улар Трампнинг сиёсатидан жиддий хавотирда ва унга очиқча “йўқ” дейишдан чўчимоқда.

Франция президенти Эммануэл Макрон айрим масалаларда Трампга қарши чиқаётган бўлса-да, НАТО бош котиби Марк Рутте Трамп билан ёзишмаларда эҳтиёткор ва ҳатто ҳаддан ташқари мулойим оҳангни танламоқда. Германия ҳам АҚШ билан тўқнаш келишни истамайди. Шу сабабли Трампнинг норозилигини юмшатиш учун айрим муаммоли масалаларда тезда орқага чекинмоқда. Европанинг бошқа давлатлари ҳам худди шундай иккиланиш ҳолатида.