Европарламент (ЕП) 2025 йилда Евроиттифоқ ва АҚШ ўртасида келишилган божхона келишувини амалга ошириш бўйича ишни тўхтатиб туришга қарор қилди. Бу ҳақда чоршанба куни, 21 январда Страсбургда ЕПнинг халқаро савдо қўмитаси раиси Бернд Ланге маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, АҚШ президенти Гренландия атрофидаги низо контекстида қўшимча божлар жорий этиш билан қўрқитиб, “энг сўнгги йўл қўйилиши мумкин бўлган чегарадан ҳам батамом ўтиб кетди”. Натижада, дея таъкидлади Ланге, ЕИ ва АҚШ ўртасидаги савдо муносабатларида яна эскалация хавфи пайдо бўлди.
АҚШ билан тузилган мазкур божхона битими АҚШдан ЕИга импорт қилинадиган саноат товарларига қўйилган божларни бекор қилишга, шунингдек Европа бозорига айрим турдаги денгиз маҳсулотлари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини киритиш имконини кенгайтиришга олиб келиши керак эди.
ЕИнинг ушбу ён беришлари эвазига АҚШ президенти Доналд Трамп ўтган ёзда Евроиттифоқдан импортга 30 фоизлик махсус божлар жорий этишдан воз кечган ва АҚШда автомобилларга қўйилган божларни пасайтириш бўйича топшириқ берган эди. Еврокомиссия келишувларни амалга ошириш учун тайёргарликни аллақачон бошлаган, аммо улар кучга кириши учун Европарламент ва ЕИга аъзо давлатлар тасдиғи талаб этиларди.
АҚШ маъмуриятининг янги режаларига кўра, 1 февралдан Германия ва яна етти Европа давлатидан импорт қилинадиган товарларга 10 фоиз миқдорида “жазоловчи” божлар жорий этилади. АҚШ томони баёнотларидан келиб чиқишича, бу чоралар Дания таркибидаги Гренландияни АҚШ назоратига ўтказишга қарши чиққан европалик иттифоқчиларга босимни кучайтиришга қаратилган.
Копенҳагендаги ҳукумат бундай битим эҳтимолини истисно қилади ва Европа давлатларидан қўллаб-қувватлов оляпти. Кутилишича, эҳтимолий божлар айнан аввалроқ Гренландияга рамзий ҳарбий контингентлар юборган давлатларга тегишли бўлади — жумладан Дания, Германия, Франция, Буюк Британия ва Нидерландияга.
Бернд Ланге, агар Гренландия июн ойига қадар АҚШ назоратига ўтмаса, Европа товарларига қўшимча божлар жорий этиш билан қўрқитгани орқали АҚШ амалда келишувларни бузганини билдирди. Унинг баҳоси бўйича, савдо чекловларидан босим воситаси сифатида фойдаланиш ва ЕИга аъзо давлатнинг ҳудудий яхлитлигига таҳдид қилиш трансатлантик савдо муносабатларининг олдиндан башорат қилиниши ва барқарорлигини издан чиқаради.
Савдо қўмитаси раҳбари, шунингдек, келаси ҳафта Европарламентда кейинги эҳтимолий қадамлар муҳокама қилиниши, жумладан ЕИнинг иқтисодий мажбурлашга қарши кураш воситасини (anti-coercion instrument) ишга тушириш масаласи ҳам кўриб чиқилишини айтди.
Бундан олдин Европарламентдаги энг йирик фракция — Европа халқ партияси раиси Манфред Вебер асосий парламент фракциялари раҳбарлари ҳозирча АҚШ билан божхона келишувини амалга ошириш бўйича ишни давом эттиришга қарши эканини билдирган.















